“Аксилкоррупция ҳафталиги” доирасида “Ўзавтосаноат” АЖ таркибига кирувчи 30 дан ортиқ тизим корхоналарида “Коррупция – ривожланишимизга тўсиқ!” мавзусида давра суҳбатлари бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирларда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Бош прокуратура Академияси, ҳудудий прокуратура ва ички ишлар идоралари ходимлари, шунингдек, ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари ҳамда “Ўзавтосаноат” АЖ ва унинг бошқарув компаниялари ишчи ходимлари иштирок этди.
Мулоқотлар давомида мамлакатимизда коррупцияга қарши муросасиз курашишнинг илғор халқаро стандартларига асосланган тизимини жорий этиш мақсадида олиб борилаётган комплекс чора–тадбирлар хусусида атрофлича сўз юритилди.
Шунингдек, “Ўзавтосаноат” тизим корхоналари фаолиятида очиқлик, ошкоралик, шаффофликни таъминлаш орқали ушбу иллатга қарши курашишда самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг аҳамияти юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Таъкидландики, 2018 йилда компания тизимида комплаенс дастури жорий этилган. Ўтган давр мобайнида мазкур дастур асосида компаниянинг ахлоқий меъёрлари бузилганлиги тўғрисидаги хабарларни қабул қилиш ва қайта ишлаш сиёсати ишлаб чиқилган. Унга кўра, компания томонидан ходимлар ёки учинчи шахслар ахлоқ Кодекси, компания сиёсати ва тартиб-қоидаларининг эҳтимолий ёки амалдаги бузилишлари тўғрисида хабар бериш имкониятлари яратилган.
Хусусан, тизим корхоналаридаги ҳар бир ходим коррупциявий ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги тўғрисида ишончли ва асосли маълумотлар мавжуд бўлганда белгиланган чораларни кўриш учун тўғридан-тўғри ва тўсқинликсиз компаниянинг доимий хизмат кўрсатувчи “Сall centre”ига мурожаат қилиши мумкин.
Қайд этилишича, айни пайтда исталган шахс “Ўзавтосаноат”да тармоқдаги ғайриқонуний ҳолатлар, шунингдек, комплаенс соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида “Ишонч телефони” (99871 140-76-70) ва compliance@uzavtosanoat.uz электрон почта манзили орқали мурожаат қилиши мумкин. Компаниянинг комплаенс хизмати хабарларнинг махфий қолишини таъминлайди.
Давра суҳбатлари давомида коррупцияга қарши муросасизликни кучайтиришга қаратилган фикр-мулоҳазалар асосида тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.