Наманган шаҳрида янги ташкил этилган Давлатобод туманида жамоатчилик, маҳаллий ва хорижлик етакчи экспертларни жалб қилган ҳолда «Коррупциясиз ҳудуд» лойиҳаси эксперимент тариқасида амалга ошириб келинмоқда.
Лойиҳа асосида туманда амалга оширилаётган ишлар билан журналист ва блогерларни яқиндан таништириш, эришилаётган ижобий ютуқларни республика миқёсида кенг тарғиб қилиш мақсадида жорий йил 3 декабрь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан туман ҳокимлиги ҳамда “Янги Ўзбекистон ёшлар зиё маскани"да пресс-тур ташкил этилди.
Дастлаб туман ҳокимлигида йиғилган ларга “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳасини амалга ошириш мақсадида Агентлик ва Наманган вилоят ҳокимлиги, вилоят ички ишлар бошқармаси ва прокуратура ҳамкорлигида ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” доирасида туманда олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шундан сўнг “Янги Ўзбекистон ёшлар зиё маскани”да “Ёшлар клуби” вакиллари ҳамда соҳа мутахассислари билан учрашув ташкил этилди. Унда туманни коррупциядан ҳоли ҳудудга айлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг амалий натижалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Таъкидландики, “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳасини ҳаётга татбиқ этишда бюджет маблағларидан фойдаланиш ва давлат харидлари соҳасидаги маълумотларнинг очиқлигини таъминлаш, шу орқали жамоатчилик назоратини кучайтириш чоралари кўрилмоқда. Бюджетнинг ҳаражатлар қисми туман ҳокимлиги Интернет тармоғидаги расмий саҳифаларида мунтазам эълон қилиниб, мониторинг ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, 871,5 млн. сўмлик 3 та давлат харидларини эълон қилишда қонунчилик талабларига риоя этилмагани аниқланиб, Агентлик томонидан буюртмачиларга 3 та тақдимномалар киритилди ҳамда шу асосда маълумотлар белгиланган тартибда қайта жойлаштирилди.
Тадбирда кадрларни ишга қабул қилиш жараёнларида очиқлик ва шаффофлик тамойиллари хусусида ҳам тўхталиб ўтилди. Хусусан, шу йилнинг ўтган даври мобайнида 108 нафар ходим очиқ танлов ўтказиш йўли билан ишга қабул қилинган. Аммо, афсуски, бу йўналишда масълиятсизликка йўл қўйиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Давлатобод туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ишга киришда коррупциянинг олдини олиш, давлат ташкилотларида мавжуд бўш иш ўринларининг тўғри юритилишини таъминлаш мақсадида ўтказилган назорат текширишлари давомида 3 та ҳолатда иш ўринларини яшириш аниқланди ва 3 нафар ташкилот раҳбарлари маъмурий жавобгарликка тортилди.
Учрашув якунида “Биз ёшлар коррупцияга қаршимиз” расмлар ва иншолар танлови ғолиблари, шунингдек, тарғибот тадбирларида фаол бўлган бир гуруҳ ёшлар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Пресс-тур давомида журналист ва блогерлар “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳаси доирасида коррупциявий жиноятларни ўз вақтида аниқлаш ва бундай ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш йўналишидаги ишлар билан ҳам танишди.
Пресс-тур иштирокчилари лойиҳа доирасида коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва омилларини ўрганиш, бартараф этиш борасида давом эттирилаётган чора-тадбирлар юзасидан ҳам ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.