Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6247-сон фармонига мувофиқ, Коррупцияга қарши курашиш агентлигига давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш вазифаси юклатилган.
Бугунги кунда Агентлик давлат органлари ва ташкилотлари томонидан мазкур фармон билан тасдиқланган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларнинг Очиқ маълумотлар портали ҳамда расмий веб-сайтларда ўз вақтида ва тўлиқ эълон қилиниши, кўрсатилган муддатларда янгилаб борилишини назоратга олган.
Хусусан, Агентлик ўтказилган навбатдаги масофавий ўрганишлар давомида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қуйидаги ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларнинг белгиланган ресурсларда очиқланиши ҳолати (жорий йилнинг 20 декабрь куни ҳолатига) ўрганилди:
- давлат харидлари тўғрисидаги маълумотлар;
- мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари;
- давлат органлари ва ташкилотлари тасарруфидаги хизмат автомототранспорт воситалари, хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар тўғрисидаги маълумотлар;
- тасдиқланган йиллик харажатлар сметаси ва унинг ижроситўғрисидаги маълумот;
- маҳаллий бюджетларнинг ҳар чорак якунида шакллантириладиган даромадлар ва харажатлар сметаси, режадан орттириб бажарилган қисми ва мазкур маблағлар йўналтирилган мақсадлар тўғрисидаги маълумотлар вабошқалар.
Ўрганишлар натижаларига кўра, 10 дан ортиқ давлат органлари ва ташкилотлари, жумладан, Молия, Адлия ва Халқ таълими вазирликлари, шунингдек, Давлат солиқ қўмитаси, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, Судьялар олий кенгаши, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қашқадарё, Андижон, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан Фармоннинг юқоридаги бандлари ижросини таъминлашда қатор камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди ҳамда ушбу камчиликларнинг олдини олиш бўйича уларга тегишли тавсиялар берилди.
Фурсатдан фойдаланиб, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўтказилган ўрганиш натижаларига эътироз билдириб, ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали асоссиз маълумот тарқатилаётганлиги муносабати билан қуйидагилар маълум қилинади:
1. Агентлик жорий йилнинг 20 декабрь куни ҳолатига ўтказилган мониторинг тадбирлари давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6247-сон Фармонининг бошқа давлат органлари ва ташкилотлариқаторида Адлия вазирлиги томонидан ижро этилиш ҳолатини ўрганди. Унинг натижасига кўра, Фармоннинг 1-иловаси 3-, 4-, 14-, 15- ҳамда 29-бандлари ижроси ўз вақтида ва тўлиқ бажарилмагани аниқланди.
Агентлик Фармоннинг айнан 1-иловаси 15-банди ижроси нотўғри талқин этилиш ҳолатлари учраётгани муносабати билан, фақатгина мазкур банд бўйича атрофлича тушунтириш беришга қарор қилди. Қолган барча хато ва камчиликлар бўйича изоҳлар акс этган батафсил маълумотлар вазирликка тақдим этилди.
Хусусан, Фармоннинг 1-иловаси 15-бандига мувофиқ, барча давлат органлари ва ташкилотлари ўз тасарруфидаги хизмат автомототранспорт воситалари, хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар тўғрисидаги маълумотларни (тезкор-қидирув, ҳарбий ва бошқа махсус хизматларда фойдаланиладиган ашёлар бундан мустасно) Очиқ маълумотлар портали ҳамда расмий веб-сайтларда жойлаштириб, ҳар чоракда янгилаб борилиши белгиланган.
Адлия вазирлиги томонидан кўчмас мулк ҳисобланувчи, вазирлик тасарруфида бўлган 100% улуши Адлия вазирлигига тегишли бўлган Бўстонлиқ туманида жойлашган “Олмос” дам олиш маскани ("Konvension markaz majmuasi direksiyasi" УК) ҳақидаги маълумот ҳар икки ресурсда ҳам жойлаштирилмаган.
Адлия вазирлиги томонидан ижро этилгани таъкидланаётган 8-банд (устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар ҳамда давлат унитар корхоналари рўйхати, шунингдек, устав фондининг (устав капиталининг) 50 фоизи ва ундан ортиғи давлат иштирокидаги корхоналарга тегишли бўлган юридик шахслар рўйхати) бўйича маълумотлар Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан эълон қилинади. Агентлик ушбу банд ижроси бўйича Давлат активларини бошқариш агентлигига эътироз билдирмаган.
Эътиборлиси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Фармон ижросини таъминлашда Адлия вазирлиги томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликлар эълон қилинганидан сўнг, яъни 22 декабрь куни вазирлик томонидан расмий веб-сайтдаги ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар жойлаштирилиб келинадиган Очиқ маълумотлар бўлимида Бюджет тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ очиқ маълумотларсаҳифаси ташкил этилган. (Мониторинг ўтказилган пайтда ушбу саҳифа мавжуд бўлмаган)
Шундан сўнг, ушбу саҳифага барча талаб этилган ҳужжатлар, жумладан, “Konvension markaz majmuasi direksiyasi” УК ҳақидаги маълумот “Адлия вазирлиги ҳузуридаги ўзлари акциядор функцияларини бажарувчи давлат иштирокидаги корхоналарнинг ижроия органи ва кузатув кенгаши аъзоларининг исми ва фамилияси тўғрисида маълумот” сифатида жойлаштирилган.
Агентлик ихтиёрида буни тасдиқловчи маълумотлар мавжуд бўлиб, улар Адлия вазирлигига ҳам тақдим этилди.
Шу муносабат билан вазирликка юборилган маълумотда бу каби ҳолатларнинг келгусида юзага келмаслиги бўйича тегишли чоралар кўриш, камчиликларга йўл қўйган ва жараёнларда иштирок этган ходимларга нисбатан тегишли жавобгарлик чораларини белгилаш сўралди.
Худди шундай, ушбу йўналишда Давлат солиқ қўмитаси томонидан амалга оширилган ишлар ҳолати ўрганилганда, Қўмита томонидан Фармон талабларининг ўз вақтида ва сифатли ижро этилишида қатор хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.
Хусусан, Фармоннинг 1-иловаси:
- 4-бандида назарда тутилган, мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари (хизмат сафарининг ёки ташрифнинг мақсади, суткалик пул, транспорт ва яшаш билан боғлиқ харажатлар) тўғрисидаги маълумотлар расмий веб-сайтга ўз вақтида жойлаштирилмаган.
- 10-бандда кўрсатилган давлат иштирокидаги корхоналар, шунингдек, ушбу корхоналарга тегишли бўлган юридик шахслар тасарруфидаги енгил автомобиллар, хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар тўғрисидаги маълумотлар расмий веб-сайт ҳамда Очиқ маълумотлар порталига ўз вақтида жойлаштирилмаган.
- 15-бандда белгиланган, давлат органлари ва ташкилотлари тасарруфидаги хизмат автомототранспорт воситалари, хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар тўғрисидаги маълумотлар расмий веб-сайтга умуман жойлаштирилмаган.
Ушбу банд ижроси бўйича Очиқ маълумотлар порталида жойлаштирилган маълумотлар таркибида эса Давлат солиқ қўмитасига тегишли бўлган “Humson sanatoriyasi” давлат унитар корхонаси ёки “G’azalkent” соғломлаштириш маркази ва бошқа кўчмас мулклар акс эттирилмаган. Ушбу бўлимда фақатгина хизмат автотранспорт воситалари ва хизмат уйлари тўғрисидаги маълумотлар мавжуд.
Шу муносабат билан, Порталдаги “Tashkilotning quyi tashkilotlari, filiallari va hududiy bo‘linmalari” таркибидаги кўчмас мулкларни фармон талабларига мувофиқ тақдим этиш мақсадга мувофиқлиги билдирилди.
- 29-банддаги, давлат органлари ва ташкилотлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари, унинг тасдиқланган аъзолари ҳақидаги маълумотлар билан бир қаторда уларнинг алоқа маълумотлари (телефон, почта ва электрон манзиллари) ва жамоатчилик кенгашининг йиғилишлари ва кун тартибидаги масалалар тўғрисидаги маълумотлар расмий веб-сайтга жойлаштирилмаган.
Юқоридагиларни инобатга олиб, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасидаги талабларнинг турлича талқин қилинишининг олдини олиш мақсадида, Агентлик томонидан давлат идоралари ва ташкилотларининг фаолиятиочиқлигини таъминлашда маълумотларни эълон қилиш тартиби, шу жумладан, ҳар бир банд бўйича намунавий шакллар ишлаб чиқилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур Фармон ижросининг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишида вазирлик ва идораларга керакли маслаҳат ва кўмак беришга ҳамда яқин ҳамкорликка тайёр эканлигини маълум қилади