Қозоғистон ва Ўзбекистон Республикаларининг коррупцияга қарши курашиш агентликлари ўртасида имзоланган меморандумда белгиланган қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек коррупцияга қарши курашиш тизимини жорий этишда Қозоғистон тажрибасини ўрганиш мақсадида жорий йилнинг 23-24 декабрь кунлари Агентлик директори ўринбосари Т.Ҳайдаров бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг мазкур давлатга ташрифи ташкил этилди.
Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси Қозоғистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари М.Ахметжанов билан учрашиб, икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболларини атрофлича муҳокама қилдилар. Шунингдек, М.Ахметжанов Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлатлараро кенгаши раиси сифатида мазкур кенгашнинг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон делегациясининг иштирок этиши ва унга аъзо бўлиш имкониятларини кўриб чиқиш таклифини илгари сурди.
Шундан сўнг, соҳалар ҳамда йўналишлар бўйича ўзаро тажриба алмашиш мақсадида семинар-тренинглар ташкил этилиб, коррупциявий ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик, давлат харидлари тизими, даромадлар ва мол-мулкни декларациялаш, қонунлар ва идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш, давлат органларининг очиқлик даражасини яхшилаш ва бошқа масалалар хусусида маълумот алмашилди.
Шунингдек, делегация вакиллари Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузурида ташкил этилган “Call-марказ», Агентликнинг Нур-Султон шаҳри бўйича ҳудудий департаменти, Халққа хизмат кўрсатиш марказлари, Нур-Султон шаҳар ҳокимлигининг ситуацион маркази, Сариарқа туман ҳокимлигининг хизмат кўрсатиш маркази фаолиятлари билан танишишди.
Бундан ташқари, Агентлик масъуллари Қозоғистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги вакиллари билан учрашиб, мулоқотлар давомида Ҳуқуқий статистика ва махсус ҳисоблар, жиноий жазоларни ижро этиш жараёнида коррупция хавфини олдини олиш ва фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашда йўлга қўйилган рақамли технология ва тизимлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Бу эса вакилларимизга Қозоғистон Республикасида жорий этилган коррупция хавфларининг олдини олишга қаратилган комплекс тизимларнинг амалий самараси ҳақида жойида танишиш имконини берди.
Томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, коррупцияга қарши курашиш бўйича қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиб, амалга оширишга келишиб олдилар.