“Телеграмм” ижтимоий тармоғида эълон қилинган “Тендердаги ғирромликлар ҳамон давом этмоқда” номли постда Фарғона вилояти ҳокимилиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг” компанияси буюртмачилигида ўтказилган тендер натижаларини бекор қилиш сўралган.
Мақолада Фарғона вилояти ҳокимилиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг” компанияси буюртмачилигида “tender.mc.uz” портали орқали қиймати 2,4 млрд. сўмлик Қўқон шаҳрида жойлашган эркаклар Мурувват уйи биносини таъмирлаш бўйича тендер ўтказилганлиги, тендерда иштирок этган “Фарғона кристал қурилиш” корхонасига ва “Фар жасмин диско сервис” корхонаси ўзаро аффилланган бўлиши мумкинлиги баён қилинган.
Аниқланишича, “tender.mc.uz” портали орқали 2021 йил 10 декабрь куни ўтказилган лот рақами 15916-сон бўлган Қўқон шаҳрида жойлашган эркаклар Мурувват уйи биносини таъмирлаш бўйича тендерда “Фарғона кристал қурилиш” корхонаси ва “Фар жасмин диско сервис” корхонаси иштирок этган бўлиб, “Фарғона кристал қурилиш” корхонаси 61,1 балл билан ғолиб бўлган.
Ўрганишда, тендерда иштирок этган корхоналарнинг раҳбари ва таъсисчиси ҳар хил шахслар эканлиги маълум бўлди.
Шунингдек, “Фарғона кристал қурилиш” корхонаси манзили Фарғона вилояти, Фарғона шаҳри, Фаробий кўчаси, 9/1-сонли 5 қаватли турар жой биносининг ертўласида жойлашган 6-сонли савдо дўкони ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаси бўлса, “Фар жасмин диско сервис” корхонаси манзили Фарғона шаҳри, Фаробий кўчаси, 9/1-сонли уй эканлиги аниқланди.
Юқоридагиларга кўра, мазкур тендерда иштирок этган корхоналарни ўзаро алоқадорлигини манзилли ўрганиш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилди.