Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5729-сонли Фармони талаблари асосида “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятида «Яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш бўйича 2020-2021 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, коррупцияга қарши мувофиқлик (“комплаенс-назорат”) тизими жорий этилган. Шунингдек, мазкур соҳадаги ишларни самарали олиб бориш учун “KPMG” халқаро аудиторлик ташкилоти билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Шунга мувофиқ, тизимда коррупцияга қарши курашиш бўйича “Коррупцияга қарши сиёсат”, “Ахлоқ кодекси”, “Манфаатлар тўқнашувини бошқариш сиёсати” каби 20 дан ортиқ ички меъёрий ҳужжатлар ишлаб чиқиб, тасдиқланган.
Хозирда, коррупцияга қарши “Комплаенс-назорат” тизими кимё саноати корхоналарига босқичма-босқич татбиқ этилмоқда. Жумладан, бугунги кунга қадар “Навоийазот”, “Фарғонаазот”, “Деҳқонобод калий заводи”, “Максам-Чирчиқ” АЖларда ҳамда “Биринчи резинотехника заводи” кабиларда ушбу тизим жорий этилган. Мазкур ташкилотларда жорий этилган янги тузилмага ишга қабул қилиш учун номзодларни очиқ танловлар асосида танлаб олиш жараёнлари кечмоқда.
Шу каби чора-тадбирларнинг самараси ўлароқ, жорий йилнинг ноябрь ойида ISO 37001:2016 халқаро стандарт талабларига мувофиқ “CERT International” халқаро тренинг компанияси мутахассислари томонидан “Ўзкимёсаноат” АЖнинг коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими аудитдан муваффақиятли ўтказилган. Натижада халқаро аудиторлик ва сертификатлаш ташкилоти Акциядорлик жамиятига коррупцияга қарши курашиш механизми амалда самара бераётганининг асосий кўрсаткичи ҳисобланувчи ISO 37001:2016 мувофиқлик сертификатини тақдим этди.
Ушбу сертификат “Ўзкимёсаноат” АЖда коррупцияга қарши бошқарув тизимини янада такомиллаштириш ва у билан боғлиқ хатарлар, зарарларнинг олдини олиш ёки минималлаштиришга қаратилган механизмларни кучайтиришда катта аҳамият касб этади.