Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2021 йилда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан очиқликни таъминлаш соҳасида эришилган асосий ютуқлар, шунингдек, йўл қўйилаётган камчиликлар таҳлил қилинди.
Агентлик, хусусан, очиқлик соҳасини мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш, очиқ маълумотлар рўйхатини тўлдириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, амалдаги қонунчилик ҳужжатларидаги бўшлиқларни тўлдириб, ижросини таъминлаш бўйича тизимли таҳлилларга асосланган кенг қамровли чора-тадбирларни амалга оширди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6247-сон Фармони асосида Агентлик тузилмасида алоҳида таркибий тармоқ — Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш бошқармасининг ташкил этилганлиги айни йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш ва уларни халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштириш имконини бермоқда.
Мисол учун, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан бирга Халқаро ҳуқуқ устуворлиги индексининг “Ҳукуматнинг очиқлиги” омили (Open Government Factor, WJP Rule of Law Index) бўйича мамлакатимизнинг ўрнини оширишга қаратилган комплекс таҳлиллар амалга оширилди ва уларнинг натижаси асосида Ўзбекистоннинг мазкур халқаро индексдаги кўрсаткичларини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.
Ушбу дастурда фуқароларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборотлардан эркин фойдаланиш даражасини ошириш ва фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини кенгайтириш, очиқлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик юзасидан шикоят қилиш механизмларини жорий этиш каби муҳим масалалар қамраб олинган.
Фармонда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлислари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессияларини телеканаллар, шунингдек, Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилишини таъминлаш белгиланган. Шунга кўра, 2021 йил 1 декабрдан бошлаб, мазкур амалиёт йўлга қўйилди. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқий хабардорлик даражасини оширишга, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг давлат бошқарувидаги роли ва нуфузини юксалтиришга хизмат қилмоқда, қолаверса, вакиллик органларида кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинган масалалар юзасидан фуқароларнинг ўз вақтида муносабат билдириши имконини бермоқда.
Ўтган даврда Агентлик томонидан давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражасини аниқлаш ва янада яхшилашга қаратилган зарур чора-тадбирлар ҳам амалга оширилди. Жумладан, вазирлик ва идоралар, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг очиқлик соҳасидаги мажбуриятларига тўлиқ риоя этилишини жойига чиқиб ўрганиш ва масофавий мониторинг қилиб бориш тизими жорий этилди.
2021 йил якуни бўйича республика миқёсидаги идоралар кесимида ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, 135 та вазирлик ва идораларнинг 92 таси хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари ҳақидаги маълумотларни ўз расмий веб-сайтига жойлаштирмаганлиги аниқланди. Ёки 72 та давлат органи ва ташкилоти ўз тасарруфидаги хизмат автомототранспорт воситалари, хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар тўғрисидаги маълумотларни Очиқ маълумотлар порталига ўз вақтида жойлаштирилишини таъминламаган, 18 таси эса Порталда шахсий кабинет ҳам очмаган.
Мониторинг натижалари маҳаллий ҳокимликлар томонидан Фармонда кўрсатилган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни расмий веб-сайт ва бошқа ахборот ресурсларида жойлаштириб бориш фаолиятида ҳам хамон жиддий нуқсонлар мавжудлигини кўрсатмоқда.
“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган шахслар жавобгар бўлиши белгиланган бўлса-да, қонунчиликда бу борада жавобгарликни белгиловчи махсус норма назарда тутилмаган.
Жорий йилнинг июль-октябрь ойларида ўтказилган мониторингда 121 та давлат органи томонидан хизмат сафари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари ҳамда ўз тасарруфидаги хизмат автотранспорт воситалари тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинмаганлиги аниқланган.
Ўрганиш ва таҳлиллар, шунингдек, илғор халқаро стандартлар талаблари асосида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий жавобгарликни белгиловчи (янги 2157-модда) қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилди. Унда очиқ маълумот сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига киритилган маълумотларни эълон қилмаслик ёки тўлиқ эълон қилмаслик, эълон қилиш муддати ва тартибини бузганлик ёҳуд маълумотларни нотўғри кўрсатганлик учун мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима жазосини ўрнатиш белгиланмоқда.
Бундан ташқари, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан бирга “Давлат органлари, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимияти органларининг расмий веб-сайтига қўйиладиган асосий талаблар”га ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарор ишлаб чиқилди. Унда барча давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтида коррупцияга қарши курашиш фаолиятига бағишланган алоҳида саҳифа ташкил этиш ва мазкур йўналишда амалга оширилган чора-тадбирлар доимий ёритиб борилиши назарда тутилган. Айтиш жоиз, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилган ишларнинг расмий веб-сайтда айнан битта саҳифага жойлаштирилиб, тизимлаштирилиши идоралар кесимида бу борада амалга оширилган ишларнинг қиёсий таҳлил қилиш имконини беради.
Шунингдек, Агентлик томонидан Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш бўйича методика ишлаб чиқилди. Методикага мувофиқ давлат органлари ва ташкилотларини очиқликка оид фаолияти матбуот хизмати фаолияти самарадорлиги, расмий ахборот ресурсларида маълумотларни жойлаштириш мажбуриятига риоя қилиниши, коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ҳамда олдини олиш соҳасида амалга оширилган ишлар, фаолиятига замонавий ахборот коммуникация воситаларини жорий қилиниши каби умумий 42 та баҳолаш мезони қамраб олинган 7 та индикатор асосида баҳоланиши белгиланган.
Методика асосида жорий этилиши режалаштирилаётган янги механизмга кўра, очиқлик даражаси энг юқори деб топилган давлат органи ёки ташкилотининг соҳага масъул ходимларини рағбатлантириш, аксинча салбий бўлганларини қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик масаласини ҳал этиш тартибини жорий этиш таклиф этилмоқда. Рейтинг у ёки бу давлат органи ва ташкилотининг очиқлик даражасини жамоатчилик учун яққол кўрсатиб беради.
Очиқлик соҳасида хорижий давлатларнинг тажрибаси ва илғор халқаро стандартлар талаблари ўрганилган ҳолда Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатини тўлдириш бўйича асослантирилган таклифлар ишлаб чиқилди. Келгусида Очиқ маълумотлар кўламини кенгайтириш, ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатини тўлдириб бориш билан бирга янги платформа ва очиқ маълумотлар тўпламлари асосида яратилган мобил иловаларни амалиётга жорий этиш режалаштирилмоқда.