Бугун, 18 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан кўриб чиқилди.
Ялпи мажлис ишида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов иштирок этиб, депутатларга мазкур ўзгаришларнинг аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 2157-модда ҳамда 24510-модда билан тўлдирилмоқда.
Хусусан, таклиф этилаётган 2157-моддада давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, жумладан Очиқ маълумот сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига киритилган маълумотларни эълон қилмаслик ёки тўлиқ эълон қилмаслик, эълон қилиш муддати ва тартибини бузиш ёки маълумотларни нотўғри кўрсатганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Шунингдек, лойиҳага кўра, кодекснинг 24510-моддасида мазкур ҳуқуқбузарлик аниқланган тақдирда, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мансабдор шахслари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ҳамда судга тақдим этиш ваколатига эгалиги кўрсатиб ўтилмоқда.
Ҳуқуқбузарлик учун назарда тутилган жазо чоралари қуйидагича:
1-қисми бўйича: мансабдор шахсларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача (810 минг сўмдан 1,3 млн. сўмгача) миқдорда жарима;
2-қисми бўйича: (худди шундай ҳуқуқбузарлик 1 йил давомида такроран содир этилса) мансабдор шахсларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача (1,3 млн. сўмдан 2,7 млн. сўмгача) миқдорда жарима.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилаётган мазркур ўзгариш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-6247-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
“Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлиши назарда тутилган.
Бироқ, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланмаган.
Эндиликда қонунчиликда мавжуд бўлган бўшлиқ мазкур қонун лойиҳаси билан тўлдирилмоқда.
“Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан атрофлича кўриб чиқилганидан сўнг, иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати