2022 йилнинг 21 январь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов ҳамда Сингапур Коррупция жиноятларини тергов қилиш бюроси раҳбарияти – Амалиётлар бошқармаси бошлиғи Чин Ви Лиам ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Сингапур Коррупция жиноятларини тергов қилиш бюроси (CPIB) – 1952 йилда Сингапурда коррупцияга қарши курашувчи мустақил орган сифатида ташкил этилган бўлиб, “Коррупциянинг олдини олиш тўғрисидаги қонун”га мувофиқ коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни текшириш ваколатига эга бўлган ягона орган ҳисобланади.
“Transparency International” коррупцияни қабул қилиш бўйича 2020 йилда эълон қилинган индексида Сингапур 3 ўринни эгаллаган.
Мазкур учрашув Ўзбекистон ва Сингапур ўртасида коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, тажриба алмашиш ва миллий амалиётга жорий этиш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида ташкиллаштирилди.
Ўз ўрнида, хорижий ҳамкасблар томонидан коррупциянинг олдини олиш ва таълим соҳасидаги саъй-ҳаракатлар, коррупцияга қарши курашишда Сингапур ҳукуматининг ёндашуви, коррупция ҳақида хабар берувчиларни ҳимоя қилиш сиёсати ва халқаро ҳамкорлик йўналишларидаги ишлари ва тажрибаси тақдим қилинди. Жумладан, мамлакатда коррупция қарши курашишда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этиши, соҳага оид жорий этилган халқаро стандартлар ҳамда мазкур йўналишда жамоатчиликнинг ўрни юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар коррупцияга қарши курашиш соҳасида икки давлат ўртасидаги тажрибани яқиндан ўрганиш ва алмашиш мақсадида ҳамкорликни кўламини кенгайтириш ҳамда қўшма тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришдилар.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати