Жорий йилнинг 31 январь куни Вазирлар Маҳкамасининг “Қурилиш соҳасида электрон давлат харидларини ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбарлар тўғрисида”ги 46-сон қарори қабул қилинди.
Қарорда 2022 йил 1 мартга қадар тегишли вазирлик ва идоралар томонидан харид комиссияси фаолияти бекор қилиниб, унинг функциясини платформа томонидан автоматик равишда бажариш, қурилиш соҳасидаги давлат харидларини амалга оширишда умумий ва техник қисмлар бўйича маълумотни талаб қилмаслик, давлат буюртмачиси ва пудрат ташкилотининг аффилланганлик хусусиятини автоматик равишда текшириш, мақсадли дастурларга киритилган объектларни рақамлаштириш тизимини жорий этиш белгиланди.
Қарор билан “Қурилиш соҳасида электрон давлат харидларини ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланиб, унга кўра, эндиликда мақсадли дастурларга мувофиқ молиялаштириладиган объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш учун пудрат ташкилотлари фақат давлат харидлари электрон тизимининг электрон тендер савдолари платформаси орқали аниқланади.
Ушбу тартиб давлат буюртмачиларининг бир шартнома бўйича қиймати БҲМнинг 6000 бараваридан ортиқ бўлган қурилиш соҳасидаги электрон тендерларга нисбатан татбиқ этилиб, мазкур миқдордан кам бўлган қурилиш соҳасидаги электрон тендерлар учун тавсиявий аҳамиятга эга.
Тендер предметининг бошланғич нархи (ҚҚС билан) БҲМнинг 200 000 бараваригача бўлган электрон тендерларда фақат ўша ҳудуд (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри)да юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтган талабгорлар қатнашади (Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ягона ҳудуд деб қабул қилинади).
Электрон тендерда иштирок этиш учун таклифлар бериш муддати тугаган санадан бошлаб 2 иш куни ичида платформа томонидан тендер ғолиби аниқланади ва ғолиб ташкилотга акцепт юборилади. Акцепт ғолиб ташкилот томонидан тасдиқланган кундан бошлаб тендер тугалланган деб ҳисобланади.
Электрон тендер натижалари бўйича ғолиб эълон қилинган пайтдан бошлаб 3 кун муддатдан кечикмай пудрат шартномаси тузилади.
Мазкур Низом талабларига мувофиқ ўтказиладиган электрон тендер бўйича шикоятлар, низо ва келишмовчиликларни кўриб чиқиш учун ишчи орган этиб - Қурилиш вазирлиги белгиланди.
Низом талаби асосида тузилган шартномалар бўйича қурилиш муддатини узайтириш, объектнинг қийматига ўзгартириш киритиш ҳамда қолдиқ қийматларини қайта аниқлаштириш Қурилиш вазирлигининг хулосасига асосан амалга оширилади.
Қарор асосида ўрнатилаётган янги тартибларни жорий этиш орқали қурилиш соҳасидаги давлат харидларини амалга оширишда инсон омилининг аралашуви олди олинади, коррупциявий хавф-хатарлар камаяди ҳамда бу борада шаффофлик таъминланишига эришилади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати