Жорий йилнинг 5 февраль куни Ички ишлар вазирлигида “Янги Ўзбекистонни коррупциядан ҳоли мамлакатга айлантиришда бирлашайлик!” мавзусида анжуман бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, ИИВ тизимида содир этилган коррупцион ҳолатлар таҳлил қилиниб, ушбу иллатга қарши курашиш бўйича кўрилиши лозим бўлган таъсирчан чоралар муҳокама қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакиллари ҳам мавзуга оид маърузалар билан иштирок этди. Жумладан, Агентлик ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорининг мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Қайд этилганидек, мазкур Қарорга асосан коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш йўналишлари бўйича белгиланган индикаторлар ва коррупцияга қарши курашиш самарадорлиги «қониқарсиз» деб топилган давлат ташкилотлари раҳбарларига белгиланган тартибда интизомий жавобгарлик чораларини қўллаш масаласи кўриб чиқилади.
Анжуманда, шунингдек, мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ички ишлар органлари соҳасида амалга ошириб келинаётган ислоҳотлар хусусида ҳам алоҳида сўз юритилди.
Таъкидландики, ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуни ва ички ишлар органларининг фаолиятини тартибга солувчи бир қатор қарор ва фармонлар қабул қилиниб, тизимда фаолият олиб бораётган ходимларнинг ижтимоий ва моддий таъминотида ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Бироқ, шунга қарамасдан, ўтган давр мобайнида ИИОлари томонидан пора олиш, пора олиш ва беришда иштирок этиш, фирибгарлик, мансаб сохтакорлиги каби коррупцион ҳолатлар содир этилган.
Хусусан, коррупцияга қарши курашиш агентлигига 2021 йилда келиб тушган жами 4 901 та мурожаатнинг 343 таси ёки 7 фоизи ички ишлар органлари ходимларининг хатти-ҳаракатлари ва қарорларидан норози бўлган ҳолда юборилган мурожаатларни ташкил қилади.
Таҳлилларга кўра, 2020 йилда ИИОларининг 46 нафар ходими коррупцион жиноятлар содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган. 2021 йилда эса бу кўрсаткич деярли 2 бараварга ортиб, 89 нафар ходим томонидан 119 та коррупцион жиноятлар содир этилган.
Шундан:
– 47 таси ЖКнинг 206-моддаси;
–18 тадан ЖКнинг 209 ва 211-моддаси;
–14 таси ЖКнинг 168-моддаси;
–13 таси ЖКнинг 210-моддаси ва қолган 9 таси бошқа коррупцион жиноятларни ташкил қилади.
Тадбирда республикадаги криминоген вазияти мураккаб бўлган ҳудудларнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини ўрганиш мақсадида аҳоли ўртасида аноним тарзда ўтказилган сўров хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.
Мазкур сўровномада жами 5883 нафар фуқаро ва 4067 нафар ИИОлари ходимлари иштирок этди. Аҳолининг барча қатламларини қамраб олиш мақсадида сўровнома ҳар бир ҳудуддаги корхона, идора ва ташкилотлар, олий ўқув юртлари, тиббиёт муассасалари, маҳаллалар ҳамда аҳоли кўп тўпланадиган жойларда ўтказилди. Сўров асосида ҳуқуқ-тартибот идораларидаги коррупциявий ҳолатларга сабаб бўлувчи омиллар аниқланди.
Анжуманда уларнинг ҳар бири атрофлича таҳлил қилинди, шунингдек, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этишга қаратилган превентив механизмларни ишлаб чиқиш чоралари кўрилаётгани қайд этилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати