Бугун, 11 февраль куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А. Бурханов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Фарғона вилоятида бўлиб турибди. Ташрифнинг асосий мақсади вилоятда коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизимини жорий этиш, шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда истиқболдаги вазифаларни муҳокама қилишдан иборат.
Шу мақсадда вилоят ҳокимлигида вилоят ҳокими, сектор раҳбарлари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, Коррупцияга қарши курашиш бўйича вилоят ҳудудий кенгаши аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг бошқарма бошлиқлари, коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Агентлик директори А.Бурханов маъруза билан иштирок этди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупция омилларини келтириб чиқараётган тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган превентив чораларни кўриш билан бир қаторда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш ва коррупцияга қўл урган шахсларга нисбатан жавобгарлик янада кучайтирилмоқда.
Таҳлилларга кўра, 2020-2021 йилларда Фарғона вилоятда жами 414 нафар турли даражадаги мансабдор шахслар коррупцион жиноят содир этганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган. Жавобгарликка тортилган шахслар 2020 йилда 153 нафарни ташкил қилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 261 нафарга етган.
Жавобгарликка тортилганларнинг 43 нафари вилоят ва 371 нафари туман - шаҳар даражасидаги давлат идоралари ходимларини ташкил этган.
Вилоятда содир этилган коррупцион жиноятлар натижасида давлат ва жамият манфаатларига 47 млрд сўмдан ортиқ миқдорда моддий зарар етказилган.
Ўрганиш ва таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, қоррупцион жиноятларнинг келиб чиқишига бир қатор соҳа ва йўналишларда ҳамон инсон омили юқори даражада сақланиб қолаётганлиги, очиқлик ва ошкоралик тамойилларининг таъсирчан шаклларини жорий этиш суст ташкил этилганлиги, самарали жамоатчилик назорати механизмлари мавжуд эмаслиги сабаб бўлмоқда.
Йиғилишда мамлакатимиз раҳбарининг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида белгилаб берилган вазифа ва топшириқлар ижросининг Фарғона вилоятидаги давлат органлари ва ташкилотлари томонидан таъминланишига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Агентлик томонидан ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, Фармон билан тасдиқланган Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар Рўйхатининг 3-бандига мувофиқ, харидлари тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек, Рўйхатнинг 4-бандига мувофиқ ҳокимлик ўз мансабдор шахсларининг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари ҳақидаги ахборотлар вилоят ҳокимлигининг расмий веб-сайтига (ўтган йилнинг тўртинчи чораги учун) киритилиши таъминланмаган.
Шу каби камчиликларга харид комиссияларининг таркиби
(Рўйхатнинг 6-банди) ва тасдиқланган йиллик харажатлар сметаси билан бир қаторда унинг ижросини (14-банд) расмий веб-сайтга жойлаштириш ва янгилаб боришда ҳам йўл қўйилган.
Таҳлил даврида (2021 йил 1 декабрдан - 2022 йил 12 январгача) Халқ депутатлари Фарғона вилоят, вилоятнинг туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан умумий 66 та сессия ўтказилган бўлиб, улардан 40 таси ёки 60 % қисми (19 та туман ва шаҳар кенгаши бўйича) маҳаллий телеканаллар ва Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилиши таъминланмаган.
Ушбу кўрсаткич вилоятни сессиялар жонли эфирга энг кўп узатилмаган саккизта вилоят қаторидан жой олишига сабаб бўлган. Жонли эфирга узатилмаган маҳаллий Кенгаш сессиялари 5 тадан Қувасой ва Учкўприк, 4 тадан Фурқат, Ёзёвон, Данғара, Бешариқ, 3 тадан Ўзбекистон, Тошлоқ, Сўх, Риштон, Қўштепа, 2 тадан Қува ва Олтиариқ, 1 та Фарғона туманлари ҳисобига тўғри келган.
Йиғилишда шу каби бир қатор жиддий нуқсон ва камчиликлар танқид қилиниб, барча туман ва шаҳар ҳокимликлари соҳадаги фаолиятини қайта кўриб чиқиши ва уларни қисқа муддатларда бартараф этиш чораларини кўриши лозимлиги алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш ва очиқликни таъминлаш борасида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Жумладан, Фарғона вилоятида “Очиқ, шаффоф ва ҳисобдор ҳудуд” лойиҳасини амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар режаси лойиҳаси тақдимоти бўлиб ўтди.
Айтиш жоиз, мазкур лойиҳа Агентликнинг янги ташаббуси бўлиб, у орқали вилоятда очиқликни таъминлаш соҳасидаги миллий қонунчилик, илғор хорижий мамлакатларнинг тажрибаси ва халқаро стандартлар талабларини амалда таъминлаш мақсад қилинган.
Куннинг иккинчи ярмида ташкил этилган семинарда Агентликнинг Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш бошқармаси масъул ходимлари ҳамда вилоят Кенгаши ҳузурида ташкил этилган Ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссия аъзолари иштирокида вилоятда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминланиши юзасидан ўтказилган мониторинг мобайнида аниқланган камчиликлар муҳокама қилиниб, келгусида уларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати