Бугун, 15 февраль куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ишчи гуруҳи Бухоро вилоятида коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизимини жорий этиш, хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасида коррупциянинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишларни муҳокама қилиш ҳамда истиқболдаги вазифаларни белгилаб олиш мақсадида мазкур вилоятга ташриф буюрди.
Ташриф доирасида дастлаб вилоят ҳокимлигида Бухоро вилояти Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг йиғилиши ташкил этилди. Унда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарияти, Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси, вилоят ҳокими, вилоят прокурори, Коррупцияга қарши курашиш бўйича вилоят ҳудудий кенгаши аъзолари, сектор раҳбарлари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг бошқарма бошлиқлари, коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда Агентлик директори А.Бурханов мамлакатимизда сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор жиҳатларига тўхталиб ўтди. Жумладан, у ўз маърузасида давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда мансабдор шахсларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини йўлга қўйиш орқали давлат бошқарувида самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шароитлар яратилганини алоҳида қайд этди.
Таъкидландики, 2021 йилда барча ҳудудларда коррупцияга қарши курашиш жараёнларининг самарадорлигини ошириш, ҳудудий давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари ташкил этилди. “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасининг вилоятдаги ижроси юзасидан мониторинг ташкил қилиш ҳам Кенгашнинг асосий вазифаси этиб белгиланган.
Мазкур йиғилишда соғлиқни сақлаш тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар, тизимда учраётган коррупциявий жиноятлар таҳлили бўйича вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ҳамда вилоят прокурорининг ахбороти тингланди.
Маълумот берилишича, вилоятда коррупцияга оид содир этилган аксарият жиноятлар ходимларни ишга олиш, молиявий талон-торожликлар, ер майдонларидан фойдаланиш, вакансияларни беркитиш, штат бирликларини нотўғри тақсимлаш каби ҳолатлар билан боғлиқ.
Хусусан, тиббиёт соҳасида ишга олишга масъул шахсларнинг лавозимида 5 йил ва ундан ортиқ муддатда ишлаб келаётгани ишга жойлашишда коррупцион ҳолатларни вужудга келтирувчи асосий омиллардан бири бўлиб қолмоқда.
Вилоятда сўнгги икки йилда ваколатли ташкилотлар томонидан тизимда бўш иш ўринларини яшириш билан боғлиқ 33 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, айбдор мансабдор шахсларнинг маъмурий жавобгарлик масаласи ҳал этилган. Қолаверса, ахборот коммуникация ютуқларидан фойдаланиб, инсон омилини чеклаган ҳолда тиббиёт муассасаларида шаффоф ишга олиш тизими ташкил этилмаган.
Эшитув сўнгида шу каби бир қатор жиддий нуқсон ва камчиликлар танқид қилиниб, келгусида уларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб олинди. Жумладан, соғлиқни сақлаш тизими устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, бу борада вилоят коррупцияга қарши курашиш кенгаши фаоллигини янада ошириш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, ишга қабул қилиш ва лавозимга тайинлаш ва бошқа масалаларда инсон омилини камайтириш, қарорлар қабул қилинишида қонунийликка риоя этиш ва барча жараёнлар устидан прокурор назоратини кучайтириш сингари масалалар ҳам амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар қаторидан жой олди.
Бундан ташқари, шу каби таҳлилий, танқидий йиғилишларни, раҳбарлар эшитувини давлат харидлари, қурилиш, давлат хизматига ишга олиш, ер ажратиш, мактабгача таълим ва бошқа соҳалар миқёсида ҳар чоракда камида икки марта ташкил этиб бориш, давлат хизматчилари учун ушбу йўналишда тизимли махсус семинарлар, ўқув дастурлар ташкил этиш бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Шундан сўнг Агентлик ишчи гуруҳи аъзолари соғлиқни сақлаш тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасининг ижросини ўрганиш мақсадида Бухоро вилояти эндокринология диспансерида бўлишди. Марказда коррупция ҳолатларининг олдини олиш бўйича кўрилган чоралар, муассасанинг видеокузатув мосламалари, тарғибот воситалари, шунингдек, дори-дармонлар билан таъминланганлик ҳолати, пуллик хизмат кўрсатиш тартиби каби масалалар ўрганилди. Камчиликлар аниқланиб, тиббиёт соҳасида коррупциянинг олдини олиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати