Мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг ҳар бир жабҳасида коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслик ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда халқаро стандартлар ва замонавий усулларни жорий этилаётгани ўзининг ижобий самарасини бермоқда.
Хусусан, давлат идоралари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш бўйича Комплаенс-назорат тизими амалиётга татбиқ этилмоқда. Бундай тузилмалар коррупцияга қарши курашишда халқаро стандартлар талабларига жавоб берувчи комплекс тизим яратиш ва ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон банк тизимида илк бор коррупцияга қарши курашиш бўйича ISO 37001:2016 халқаро сертификати қўлга киритилгани ҳам бунинг ўзига хос далилидир.
Жорий йилнинг 18 февраль куни халқаро экспертлар томонидан “Трастбанк” раҳбариятига ушбу халқаро стандартга мувофиқликни тасдиқловчи халқаро сертификат топширилди.
ISO 37001:2016 ташкилотда коррупцияга қарши курашнинг самарали тизимини яратишнинг халқаро усулларини ўзида жамлаган, коррупцияга қарши мукаммал бошқарув тизимини йўлга қўйишга хизмат қиладиган халқаро стандартдир.
Мазкур халқаро сертификат эндиликда банкда коррупцияга қарши бошқарув тизимини ишлаб чиқиш, жорий этиш, таҳлил қилиш ва такомиллаштириш учун талаб ва кўрсатмаларни белгилаб беради.
Коррупция қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати