Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мутахассисларидан иборат гуруҳ томонидан коррупциянинг олдини олиш ҳамда унга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида жорий йилнинг 1 март кунидан бошлаб Тошкент вилоятида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур жараёнда вилоят ҳокимлиги, шаҳар-туман ҳокимликлари ва ҳокимлик тасарруфидаги ташкилотларда ички назорат тузилмалари фаолиятининг йўлга қўйилганлиги, вилоятда қурилиш, мактабгача таълим, банк, аҳоли бандлиги, соғлиқни сақлаш ва йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳаларида Давлат дастурлари ижроси, бюджет маблағларидан самарали фойдаланиш ҳамда коррупциянинг олдини олиш борасидаги ишлар ҳолати ўрганилмоқда.
Хусусан, ишчи гуруҳ томонидан вилоятда Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги 149-сон қарори билан тасдиқланган “Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш тартиби тўғрисида”ги Низом талаблари асосида қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш тартибини йўлга қўйиш жараёнида юзага келаётган тизимли муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш чоралари таҳлил қилинмоқда.
Дастлабки ўрганишлар мобайнида қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш, сақлаш бўйича масъул бўлган тадбиркорлик субъектлари билан Йўл ҳаракати хизмати ўртасида ягона электрон тизим мавжуд эмаслиги ҳамда ҳисоботлар юритиш йўлга қўйилмаганлиги маълум бўлди.
Аниқланган коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш ва камчиликларни бартараф этиш мақсадида ишчи гуруҳ томонидан тегишли таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Тошкент вилоятида ўтказилаётган ўрганиш ишларининг тўлиқ тафсилоти Агентликнинг расмий саҳифаларида ёритиб борилади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати