Агентлик томонидан республикамиз ҳудудларида “Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш” мавзусида ўтказиб келинаётган семинарларнинг навбатдагиси Қорқалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши ҳамда Хоразм вилоятида ташкил этилди.
Семинарларда Ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссия аъзолари ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш учун масъул мутахассислари иштирок этди.
Ушбу мулоқотларнинг асосий мақсади мамлакатимиз Президентининг “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6247-сон Фармони билан тасдиқланган Очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларнинг ўз вақтида ва тўлиқ эълон қилиб борилишини таъминлаш қаратилган.
Шу мақсадда семинарлар давомида Фармон талабларидан келиб чиқиб, мазкур ҳудудлардаги давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтлари ва очиқ маълумотлар порталида ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларнинг жойлаштирилиши бўйича учраётган нуқсонлар, сусткашликлар атрофлича таҳлил қилинди.
Жумладан, Агентлик томонидан Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ўтказилган масофавий мониторинг якунига кўра, мавжуд 17 та туман ва шаҳар ҳокимликларининг 12 таси Интернет тармоғида ўз расмий веб-сайтини ташкил этган. Веб-сайтларда Фармонда белгиланган очиқ маълумотлар фақатгина 2 та туман ҳокимликлари томонидан қисман жойлаштирилган, холос.
Хоразм вилоятидаги мавжуд 13 та туман ва шаҳар ҳокимликларининг 11 таси расмий веб-сайтига эга бўлиб, уларнинг ҳеч бирида очиқ маълумотлар умуман жойлаштирилмаган. 2 та туман ва шаҳар ҳокимликларининг веб-сайти эса ишчи ҳолатида эмас.
Вилоятда Фармоннинг маҳаллий кенгашлар сессияларини телеканаллар, шунингдек, Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатишни таъминлашга оид талаби ҳам тўлиқ ижро этилмаган. Хусусан, 2021 йил 1 декабрдан жорий йилнинг 10 январь кунига қадар бўлган даврда Халқ депутатлари Хоразм вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари томонидан жами 36 та сессия ўтказилган бўлиб, улардан 26 таси ёки 76 фоизи тўғридан-тўғри эфирга узатилмаган. Ёки жонли эфирга узатилган сессиялар ҳам тўлиқ трансляция қилинмаган.
Семинарларда шу каби хато ва камчиликлар атрофлича муҳокама қилиниб, Агентлик ходимлари томонидан очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларига риоя этиш, маълумотларни белгиланган ресурсларда ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли жойлаштириш бўйича иштирокчиларга тушунтириш берилди.
Хусусан, очиқ ахборот тури, уларни жойлаштириладиган ресурси ва тартиби, тақдим этиш ва янгилаш муддати каби муҳим масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати