Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2022 йил март ойида давлат буюртмачиларининг давлат харидлари махсус ахборот порталида ўтказилган харидлар масофавий мониторинг тартибида ўрганилди.
Жумладан:
– Молия вазирлиги ҳузуридаги Ўқув маркази томонидан 2022 йил 1 февраль куни махсус ахборот порталда “Молиячи маълумотномасини”чоп этиш бўйича ўтказилган 785,0 млн. сўмлик;
– Конимех тумани Йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан 2022 йил 23 февраль куни йўл қурилиш объектларида “бажариладиган ишлар учун махсус транспорт ва транспорт воситалари хизмати кўрсатиш” бўйича 500,0 млн. сўмлик;
– Хоразм вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти томонидан 2022 йил 1 март куни махсус ахборот порталда туристик автобуслар сотиб олиш бўйича ўтказилган 1,5 млрд. сўмлик;
– Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан 2022 йил 21 февраль куни “Китоблар чоп этиш” бўйича ўтказилган 572 млн. сўмлик давлат харидларида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”га Қонуннинг 10,14,42-моддалари талаблари бузилганлиги аниқланди.
Ўрганиш натижасида буюртмачиларга давлат харидларини бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш тўғрисида 4 та тақдимномалар киритилди.
Бундан ташқари, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги тузилмаларидаги Ангор, Жарқўрғон ва Шеробод туман Ободонлаштириш бошқармалари вилоят хокимлиги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси буюртмачилигида махсус ахборот порталида томонидан 2021 йилда амалга оширилган давлат харидларида ўрганилди:
– Ангор туман Ободонлаштириш бошқармаси харид комиссияси йиғилишларида иштирок этмаган аъзоларнинг ўрнидан уларнинг харид комиссия йиғилишида иштирок этиб, овоз берганлиги ҳақида бошқа шахслар томонидан имзо қўйиб, ғолибни аниқлашда асосий ҳужжат бўлган ғолибни аниқлаш баённомалари сохталаштириб келинганлиги аниқланди.
Шу билан бирга, Ангор туман Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғининг акасига тегишли жамият 309 млн. сўмлик “Қўштегирмон” МФЙда пиёдалар йўлакчаси қуриш бўйича танловда иштирок этиб ғолибликни қўлга киритган ва ака-ука ўртасида шартнома имзоланиб, ушбу давлат маблағлари корхона ҳисоб рақамига ўтказиб берилган;
– Жарқўрғон туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан электрон дўкон орқали ўтказилган жами қиймати 13 млн. сўмлик давлат харидларида Жарқўрғон туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғига тегишли бўлган жамият ғолиб бўлган;
– Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси томонидан Жарқўрғон туманида жойлашган 2, 17, 25, 30, 38,62-сонли мактаб биноларини мукммал таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича жами қиймати 1,5 млрд. сўмлик давлат хариди тўғридан-тўғри Жарқўрғон туман ободонлаштириш бошқармаси раҳбарига тегишли бўлган жамиятга берилган.
Шу билан бирга, Вилоят хокимлиги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси томонидан Шеробод туманида жойлашган объектларда таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича 23 та ҳолатда жами қиймати 4 млрд. сўмлик давлат хариди тўғридан-тўғри Шеробод туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғига тегишли бўлган жамиятга берилган.
Мазкур ҳолатларда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 10,14,23,42-моддалари талаблари бузилганлиги аниқланиб вилоят ҳокимлигига тақдимнома киритилди.
Коррупция қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати