Фуқаролик жамияти институтлари вакиллари диққатига!
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-81-сон қарорига асосан давлат органларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолияти самарадорлиги баҳолашдан ўтказилмоқда.
Мазкур жараёнларнинг холислиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида рейтинг баҳолашни мустақил амалга оширувчи экспертлар гуруҳини шакллантириш режалаштирилган.
Экспертлар қоида тариқасида қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:
➖Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиш;
➖олий маълумотга эга бўлиш;
➖мутахассислиги бўйича камида 5 йиллик иш стажига эга бўлиш;
➖коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида билим ва кўникмаларга эга бўлиш.
Экспертлар гуруҳи Агентлик директори буйруғига асосан 9 кишидан иборат таркибда шакллантирилиб, гуруҳнинг камида 3 нафар аъзоси гуруҳ ишида иштирок этиш истагини билдирган фуқаролик жамияти институтлари вакиллари орасидан танлаб олинади.
Шунга кўра, ушбу экспертлар гуруҳи ишида иштирок этиш истагини билдирсангиз, илова қилинаётган аризани тўлдириб, 2022 йил 22 апрелга қадар info@anticorruption.uz электрон почта манзилига бу ҳақда хабар беришингизни сўраймиз.