Коррупцияга қарши курашиш агентлигига “Harbiy Savdo-Chirchiq” ДУК мансабдорларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари, жумладан, жуда кўп миқдордаги мулкларни талон-торож қилиш, ўз мансаб ва хизмат мавқеидан қонунга ҳилоф равишда фойдаланиб, пул маблағларини ўзлаштириш, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун ҳужжатларини бузиш ва бошқа турдаги иқтисодий жиноятлар содир этиб келинаётганлиги бўйича фуқаролардан келиб тушган мурожаат асосида мазкур корхонада ўрганиш ўтказилди.
Ўрганиш давомида корхона моддий жавобгар шахслари томонидан меҳнат муносабатлари, давлат харидлари тартибини белгиловчи ҳамда бошқа қонун ҳужжатларининг бузилиши натижасида корхона фаолиятида жами 15,3 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.
Ўрганиш якунлари бўйича тўпланган ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 329-330-моддаларига асосан қонуний қарор қабул қилиш учун 2022 йил 24 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилди.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, 2022 йил 12 март куни “Harbiy Savdo-Chirchiq” ДУК моддий жавобгар шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилди.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати