Айни пайтда Америка Қўшма Штатларида бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси жорий йилнинг 20 апрель куни Массачусетс Олий судида бўлди.
Судья Девид Лоуи билан бўлиб ўтган учрашувда коррупцияга қарши курашишда давлат судларининг ўрни ва аҳамияти атрофлича муҳокама қилинди.
Д.Лоуи АҚШ судлари томонидан коррупцияга қарши қарши курашиш борасидаги фаолияти хусусида сўзлаб берди. Унинг таъкидлашича, Массачусетс штатининг суд тизими Қўшма Штатлардаги энг йирик судлардан бири бўлиб, коррупция билан боғлиқ ишларни фош этишда катта амалий тажрибага эга. Бу борада суднинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этаётганига тўхталиб ўтди.
Ўзбекистонда судьялар мустақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек, суд ҳокимияти тизимида коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳам ўзаро мулоқотнинг муҳим мавзуси бўлди.
Учрашув якунида томонлар суд тизимининг мустақиллигини таъминлаш, одил судловни амалга ошириш, тизимда коррупциянинг олдини олиш бўйича ўзаро тажриба алмашишга ва ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.
Делегация аъзоларининг навбатдаги учрашуви жорий йилнинг 21 апрель куни АҚШ федерал судьяси Марк Вулф билан ташкил этилди.
Маълумот учун: 2016 йилда судья Вольф ҳамда судья Ричард Голдстоун ва уларнинг ҳамкасблари “клептократия” номи билан танилган йирик коррупцияга қарши курашиш учун Integrity Initiatives International (III) – Халқаро ҳалоллик ташаббуслари (ХҲТ) ташкилотини ташкил қилишган.
Таъкидланишича, ушбу ташкилот миссияси коррупционер ва инсон ҳуқуқларини мунтазам равишда бузадиган раҳбарларни жазолаш, бундай ҳолатларга йўл қўймаслик учун жиноят қонунларига риоя қилинишини кучайтириш ва уларни ўзини фуқароларга хизмат қилишга бағишлаган раҳбарлар билан алмаштиришдек демократик жараёнларга қаратилган имкониятлар яратишдир.
Мулоқот якунида коррупцияга оид жиноят ишларини ҳал этишнинг самарали механизмлари, шунингдек, коррупцияга оид жиноятлар таҳлилини олиб бориш бўйича ўзаро тажриба алмашиш, бу борада ҳамкорликда дастурларни амалга оширишга келишиб олинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати