АҚШга амалий ташрифнинг иккинчи куни Ўзбекистон Республикаси делегацияси ҳамда Holland&Knight компанияси ҳамкорлари Жереми Стернберг ва Дан Смолл ўртасидаги учрашув билан бошланди.
Учрашув АҚШ Федерал Коррупцияга қарши курашиш тизими муҳокамасига бағишланди.
Маълумот учун: Ж.Стернберг АҚШ прокуратурасининг Иқтисодий жиноятлар департаментида прокурор сифатида фаолият юритган бўлиб, инвестиция, солиқ, ипотека ҳамда соғлиқни сақлаш соҳаларидаги фирибгарликларни, инсайдер савдосига оид ишлар терговини олиб борган.
Д.Смолл Америка Қўшма Штатлари Адлия Департаменти прокурори вазифасидаги фаолияти давомида коррупция, молиявий, тартибга солиш ва рухсат бериш соҳасидаги коррупциявий ишларни кўриб чиққан.
Мулоқот давомида коррупцияга оид ишларни кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари, коррупциявий жиноятларни тергов қилишда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар хусусида сўз юритилди. Хусусан, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар сонини камайтиришнинг профилактик чоралари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Бундан ташқари, делегация аъзолари АҚШ Бош прокурори идорасига ташриф буюрди. Ташриф давомида АҚШ Коррупцияга қарши кураш ва махсус прокуратура бўлими бошлиғининг ўринбосари Евгения М.Керрис билан коррупция ва унга алоқадор жиноятлар бўйича федерал таъқиб қилиш, федерал даражада суриштирув ва тергов ҳаракатларини олиб бориш масалалари юзасидан мулоқот қилинди.
Учрашувлар якунида томонлар ўзаро тажриба алмашиш, хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар учун махсус тренинг тадбирларини амалга оширишга келишиб олдилар.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати