Жорий йилнинг 25 апрель куни Ўзбекистон делегацияси ҳамда АҚШ Ҳукумат этика агентлиги (ҲЭА) вакиллари - Элизабет Ҳортон ҳамда Сара Некоу ўртасида онлайн учрашув ўтказилди.
Маълумот учун: АҚШ Ҳукумат этика агентлиги 130 дан вазирлик ва давлат идораларда фаолият юритувчи 2,5 млн. нафар давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этишларини назорат қилади. Шунингдек, агентлик давлат хизматида манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш ва унга йўл қўйилишининг олдини олиш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.
Мулоқотда америкалик мутахассислар томонидан АҚШда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш бўйича кўрилаётган асосий чоралар, хусусан, бу борада ҲЭАнинг фаолияти ва тутган ўрни ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, ҲЭАнинг давлат хизматчилари ва мансабдор шахсларни одоб-аҳлоқ қоидалари борасида ўқитиш ишларини ташкил этиш, давлат харидларида очиқ рақобатни таъминлаш ва манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича тажрибаси муҳокама қилинди.
Мулоқот якунида ҲЭА томонидан Ўзбекистонда давлат хизматида ҳалоллик стандартларинт жорий этиш ва одоб-аҳлоқ қоидаларининг тадбиқ этилишига услубий кўмак кўрсатиш, семинар-тренинглар ташкил этиш, коррупциянинг олдини олиш бўйича махсус ўқув дастурлариҳва қўлланмаларни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди. Бундан ташқари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва ҲЭА ўртасида ўзаро тизимли тажриба алмашиш бўйича 2022-2023 йилларга мўлжалланган Ўзаро ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш масалалари кўриб чиқилди.
Шу куни вакилларимизнинг Атлантика Кенгаши Евроосиё маркази директори Жон Хёрбст билан учрашуви ҳам ташкил этилди.
Маълумот учун: Атлантика Кенгаши глобал муаммоларни ҳал қилишда Атлантика ҳамжамиятининг ролидан келиб чиқиб, конструктив етакчилик ва халқаро ишларда иштирок этишга ёрдам беради. Кенгаш иқтисодий ва сиёсий ўзгаришларни муҳокама қилиш учун зарур форумни таъминлайди.
Мулоқотлар мобайнида Атлантика Кенгашида амалга ошириладиган ишлар, АҚШ ва бошқа мамлакатларда Кенгаш ва коррупцияга қарши кураш идоралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик тизими хусусида сўз юритилди.
Якунда Атлантика Кенгаши билан ҳамкорликда коррупциянинг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга таъсирини баҳолашни таҳлил қилиш ва тадқиқотлар ўтказиш бўйича қўшма эксперт-таҳлил гуруҳини ташкил этиш ҳамда бу борада ахборот ва таҳлилий материаллар алмашишга келишиб олинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати