Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан Иқтисодий эркинлик индексининг 2022 йилги ҳисоботи бўйича Ўзбекистоннинг рейтингдаги ўрни ва унга таъсир кўрсатувчи индикаторлардаги ўзгаришлар юзасидан онлайн ўқув семинари ташкил этилди.
Ўқув семинарида масъул вазирлик ва идораларнинг халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича мутахассислари учун “Иқтисодий эркинлик индекси”нингҳисоблаш методологиясидаги ўзгаришлар ва янгиланишлар бўйича маълумот берилди.
Семинарда Агентлик масъул ходими Иқтисодий эркинлик индексининг Давлат яхлитлиги индикаторидаги ўзгаришлар ҳақида тақдимот қилди.
Мазкур индикатордаги ўзгаришлар асосан, 2021 йилда Давлат яхлитлиги индикатори таркибидаги субиндикаторлар сони 5 та бўлган бўлса, 2022 йилда индикаторлар сони 3 тани ташкил этмоқда.
Бундан ташқари, маълумотлар манбаларида ҳам ўзгариш бўлиб, 2021 йил ҳисоботида 4 та манба маълумоти орқали шакллантирилган бўлса, 2022 йил 3 та манба Transparency International, TRACE International ҳамда World Bank маълумотларидан фойдаланиш бошланган.
Тақдимот мобайнида коррупцияга қарши курашиш йўналишидаги халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг кўрсаткичлари хусусида ҳам тўхталиб ўтилди.
Унга кўра, 2021 йил учун “Transparency International” нинг коррупцияни қабул қилиш индекси янги рейтингида Ўзбекистон 6 поғонага кўтарилиб, индекс баҳосида қаторасига 8 йил давомида барқарор ўсишига эришилган (2013 йилда 17 балл билан 146 ўриндан 2021 йилда 28 балл билан 140 ўрингача).
“Trace bribery risk matrix” порахўрлик матрицасида Ўзбекистон 2017 йилда 66 балл билан (1 баллдан 100 баллгача баҳоланади, 1 балл – энг ижобий) 189-ўриндан, 2021 йилда 59 балл билан 147-ўрингача кўтарилган.
Cеминарда Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнига салбий таъсир кўрсатаётган омиллар юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашилди, шунингдек, бу борадаги натижаларни яхшилаш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати