АҚШда бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси жорий йилнинг 27 апрель куни World justice project (WJP) халқаро ташкилоти ижрочи директори Элизабет Андерсен билан учрашди.
Маълумот учун: WJP бутун дунё бўйлаб қонун устуворлигини таъминлаш учун мамлакатларнинг салоҳиятини ошириш, хабардорликни ошириш ва ҳаракатларни рағбатлантиришга қаратилган чораларни амалга оширади. Мазкур халқаро ташкилот 130 дан зиёд мамлакатларда ўз фаолиятини олиб боради.
WJP ташкилоти соҳада дунёнинг етакчи рейтинг ва индексларидан бири бўлган "Ҳуқуқ устуворлиги индекси"ни шакллантиради ва эълон қилиб боради.
2021 йил натижаларига кўра, ушбу индексда Ўзбекистон 14 поғона юқорилаб, 139 та мамлакат орасида 85-ўринни эгаллаган ва бу борада энг яхши натижа кўрсатган 3 та давлатдан бирига айланди.
Индекснинг "коррупция мавжуд эмаслиги" индикатори бўйича эса Ўзбекистон 89-ўриндан бирданига 19 поғона кўтарилиб, 70-ўринни эгаллаган.
Мазкур индекс Коррупцияни қабул қилиш халқаро индексини шакллантириш манбаларидан бири ҳисобланади.
Таъкидланганидек, "Ҳуқуқ устуворлиги" индекси интерактив тарзда барча йўналишлардаги маълумотларни рақамлар, фоизлар, минтақавий ва дунё бўйлаб ўртача ҳисобларда акс эттириб беради. Бу эса кўрсаткичларнинг барча учун бирдек тушунарли бўлишига хизмат қилади.
Учрашувда Агентлик томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ижтимоий тадқиқотларда ташкилотнинг манбалари, методологияларидан фойдаланиш имкониятлари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.Шунингдек,Ўзбекистоннинг рейтинг кўрсаткичларида ўсиш ва пасайишига оид маълумотлар, уларнинг сабабларини таҳлил этиш ҳамда тавсияларни ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунига кўра, томонлар Ўзбекистоннинг коррупцияни қабул қилиш миллий индексини ишлаб чиқишда яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олишди.
Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашиш йўналишида ташкилот томонидан олиб бориладиган илмий тадқиқотлар ва улардаги асосий жиҳатлар, давлат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик, коррупция йўналишида омма орасида кенг тарқалган медиа хабарларнинг давлатлар индекси шаклланишидаги ўрни ва аҳамияти каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати