Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакатимизда ички туризмни ривожлантириш борасидаги тегишли қарор ва топшириқлари ижросини таъминлаш, шунингдек, ходимларнинг маданий-эстетик ҳордиқ чиқаришларига зарур шарт-шароит яратиш мақсадида жорий йил 8 май куни Агентлик жамоаси Сурхондарё вилоятида бўлди.
Ушбу ташрифнинг асосий мақсади ва ёрқин воқеаси Агентлик жамоасининг “Бойсун баҳори — 2022” халқаро фольклор фестивали ғолибларини тақдирлаш маросимидаги иштироки бўлди.
Ўзбек халқининг кўп асрли қадриятлари ва анъаналарини ўзида тараннум этувчи мазкур фестивалда намойиш этилган қадимий урф-одатларимиз, ҳунармандчилигимиз, халқ достонлари ва ўйинлари, миллий либосларимизнинг бетакрор намуналари таассуротга бой дамларни туҳфа этди.
Агентлик директори А.Бурханов беллашувда республикамизнинг 14 та, шунингдек, Буюк Британия, Франция, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистон давлатларининг 5 та фольклор жамоалари орасидан ғолиб деб топилганларга фестиваль мукофотларини тантанали топшириш жараёнида бевосита иштирок этди.
Агентлик жамоасининг саёҳати воҳадаги муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳларга ташриф билан янада мазмунли ва мароқли кечди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати