Маълумки, Агентлик давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларини жорий этиш ҳамда самарали фаолият юритишини ташкиллаштириш вазифасини амалга ошириб келмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 12 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Агентлик томонидан Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими йўлга қўйилди.
Ҳозирда «E-Anticor.uz» электрон платформаси орқали эксперимент тариқасида 24 та давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши курашишдаги самарадорлиги таҳлил қилинмоқда.
Ушбу платформага давлат органлари ва ташкилотлари томонидан 2021 йил ва 2022 йилнинг 1-чорагида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилган ишлари ҳақида маълумотлар киритилди.
Рейтинг баҳолаш натижалари холислигини таъминлаш мақсадида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан электрон платформага киритилган мазкур маълумотлар мустақил экспертлар гуруҳи томонидан ҳам кўриб чиқилмоқда.
Жорий йилнинг 11 май куни қабул қилинган “Давлат бошқаруви соҳасида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш механизмларини такомиллаштириш ва ушбу соҳада жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори бу борадаги ишларни такомиллаштиришда яна бир муҳим қадам бўлди.
Қарорга мувофиқ, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб, “E-Anticor.uz” электрон платформасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, давлат унитар корхоналари ва муассасалари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотларнинг фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни мажбурий аниқлаш ва баҳолашни назарда тутувчи "Е-Антикоррупция" лойиҳаси тўлиқ ишга туширилади.
Агентлик томонидан "Коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри" (“паст”, “ўрта” ва “юқори” ўлчовларида) шакллантирилади ва Интернет тармоғида очиқ эълон қилиб борилади. Ҳар бир аниқланган коррупциявий хавф-хатарларнинг тавсифи ва даражаси, уларни бартараф этиш бўйича чораларни ўз ичига олувчи коррупциявий хавф-хатарлар хариталарини тузиш амалиёти йўлга қўйилади.
Қонунчиликдаги шу каби муҳим янгиликлар ҳамда уларда белгиланган талабларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш мақсадида Агентлик томонидан Конрад Аденаур номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонасига кўмагида жорий йилнинг 30-31 май кунлари “Коррупцияга қарши курашишда устувор вазифаларни белгилаш, мамлакатда коррупциянинг олдини олишнинг замонавий воситаларини жорий этиш” мавзусида навбатдаги семинар-тренинг ташкил этилди.
Ушбу тадбир вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлари коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг 220 нафардан ортиқ раҳбар ва ходимлари учун ўзаро тажриба алмашиш, малака ва кўникмаларини ошириш учун фаол мулоқот майдони бўлди.
Таъкидланганидек, ҳозирги вақтда жами 117 та давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналар, шу жумладан, банкларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилган.
Жорий йилнинг 1-чорагида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари томонидан 22 та давлат ташкилотлари ва идораларида жами 81 млрд 561,1 млн сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланган.
Бундан кўриш мумкинки, аксарият давлат ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти тўғри йўлга қўйилиб, ўз фаолияти натижаси юзасидан ижобий натижаларни бермоқда.
Аммо коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятини барча давлат ташкилотларида тўғри йўлга қўйиш, уларнинг самарадорлигини ошириш, улар томонидан коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш амалиётини тўлиқ шакллантириш борасида ҳал этилиши ва амалга оширилиши лозим бўлган вазифлар ҳали талайгина.
Шу боис ушбу тренинг коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уларнинг фаолиятида кўп учрайдиган саволларни очиқ муҳокама қилиш, фаолиятни тартибга солувчи меъёрий ҳужжатларни амалиётга татбиқ этишдаги муммолар ва коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашиш ҳамда бу борада услубий ёрдам кўрсатишни кучайтириш мақсадида ташкил этилмоқда.
Унда мутахассислар томонидан давлат ташкилотлари фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни тўғри баҳолаш, манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва бошқариш, давлат харидлари жараёнларида контрагентларни текшириш, коррупциявий хатти-ҳаракатлар юзасидан хизмат текшируви ўтказиш, коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими ва бошқа муҳим мавзуларда тақдимотлар ўтказилади.
Тренинг давомида иштирокчилар соҳага оид муҳим ва фойдали маълумотларни олиш билан бирга ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар орқали аниқлик киритиш ҳамда фаолиятларида дуч келаётган муаммо ва камчиликларни очиқ муҳокама қилиш имконига эга бўладилар.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати