Тошкент шаҳар Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг жорий йил 14 июнь куни бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида банк тизимида учраётган коррупцион ҳолатлар, шунингдек, соҳада коррупциянинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, биргина Тошкент шаҳрида 2021 йилда банклар ва уларнинг филиалларида фаолият юритган 12 нафар шахсга нисбатан 10 та жиноят иши судга юборилган.
Улар томонидан ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш, фирибгарлик, мансабга совуққонлик билан қараш, ҳокимият ҳаракатсизлиги каби жиноятлар содир этилган. Мазкур жиноятларга қўл урганларнинг 2 нафари шаҳар ва 10 нафари туман даражасидаги банк тизими ходимлари ҳисобланади.
Йиғилишда мавзу юзасидан прокурор ва бошқа масъулларнинг ахбороти тингланиб, бу каби қонунбузилиш ҳолатларининг келиб чиқиш сабаблари ва уларни бартараф этиш чоралари хусусида фикр алмашилди.
Муҳокамалар жараёнида Ҳудудий кенгаш фаолияти ҳам танқидий кўриб чиқилиб, Тошкент шаҳрида коррупция ҳолатларини олдини олиш борасидаги фаолияти қониқарли эмаслиги қайд этилди.
Хусусан, Тошкент шаҳрида 2020 йил давомида 59 та коррупцион жиноят содир этилган бўлса, 2021 йилда бу рақам 184 тани ташкил этган.
Тошкент шаҳрида содир этилган коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 2021 йилда 82 млрд. 638 млн. сўмлик моддий зарар етказилган.
Шунингдек, пойтахт коррупцияга оид жиноятлар содир қилиш кўрсаткичи бўйича ўтган 3 ойда (февраль-апрель) республикада энг юқори ўринларда тургани, хусусан, феврал ойида 37 та, март ойида 50 та, апрел ойида эса 69 та коррпцияга оид жиноят ишлари судларга юборилган.
Мулоқотлар жараёнида бюджет маблағларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари, коррупция тарқалганлиги бўйича жамоатчилик фикри, очиқликка оид қонунчилик ҳужжатлари ижросини таъминлаш йўналишларидаги натижалар ҳам танқидий муҳокама этилди.
Иштирокчилар томонидан бу каби салбий ҳолатлар Тошкент шаҳрида коррупцияга қарши курашиш ва олдини олиш тизимини янада такомиллаштириш, бунда ҳар бир бошқарма ва идоралар ўз ишини танқидий кўриб чиқиши мақсадга мувофиқ эканлигига алоҳида урғу берилди.
Хусусан, Кенгаш ўз фаолиятида мониторинг ва назорат тадбирларини ўтказиш, эшитувлар ташкил этиш каби инструментлардан самарали фойдаланиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Бундан ташқари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали коррупцияга қарши курашиш жараёнига аҳолини кенг жалб этиш ишларини янада кучайтириш зарурлиги билдирилди.
Эшитув якунида Кенгаш аъзолари масъулиятини ошириш бўйича аниқ чоралар кўриш, шунингдек, банк тизимини коррупциядан холи қилиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, асосий вазифалар белгилаб олинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати