Маҳаллий давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги даражасини қандай баҳолайсиз? Уларнинг расмий веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ўз фаолиятига оид маълумотларни жойлаштириш сифати ва тезкорлигидан қониқасизми?
Айни кунларда Фарғона вилоятининг бир неча шаҳар, туман ва қишлоқлари аҳолиси ўртасида шу каби муҳим масалалар юзасидан жамоатчилик фикри сўрови ўтказилмоқда.
Вилоятда маҳаллий ҳокимликлар, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармалари фаолияти очиқлиги даражасини ўрганишга қаратилган ушбу сўров Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан амалга оширилаётган “Очиқ, шаффоф ва ҳисобдор ҳудуд” лойиҳаси доирасида ташкил этилмоқда.
Айтиш жоиз, мазкур лойиҳа асосида очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларининг ижро этилишини намунали йўлга қўйиш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш орқали жамоатчилик назоратини самарали ташкил этиш учун шароитлар яратиш мақсад қилинган.
Шу мақсадда “Йўл харитаси” тасдиқланган бўлиб, унда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармалари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигининг дастлабки ҳолатини аниқлаш бўйича ҳудуд аҳолиси ўртасида жамоатчилик фикрини ўрганиш кўзда тутилган.
Шунга кўра, ташкил этилган ушбу сўровномада аҳолининг турли қатламларини қамраб олиш мақсадида тадбиркорлар, давлат хизмачилари, талабалар, фуқаролар (аноним тарзда) ҳамда журналист ва блогерлардан иборат фокус гуруҳлар ўртасида ўтказилмоқда.
Сўров “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамда халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашининг Ахборот сиёсати ва маҳаллий давлат органларида очиклиқни таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси кўмагида амалга оширилмоқда. Сўровномада маҳаллий депутатлар ҳам иштирок этмоқда.
Сўровнома якунлари бўйича олинган маълумотлар таҳлил қилиниб, улардан Фарғона вилоятини шаффоф ва ҳисобдор ҳудудга айлантириш, хусусан, вилоятдаги давлат органлари фаолиятининг очиқлигини янада яхшилашда фойдаланиш режалаштирилган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати