Сўнгги вақтларда туман (шаҳар) ҳокимларининг маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ёрдамчилари орасида коррупциявий ҳолатларнинг содир этилаётганлиги турли эътирозларга сабаб бўлмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 19 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам жойлардаги айрим ҳоким ёрдамчилари кредит, субсидия, ер ажратиш масаласида таъмагирлик қилаётгани танқид қилинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ўтказилган таҳлилларга кўра, 2022 йилнинг январь-май ойларида ҳоким ёрдамчилари томонидан 14 та жиноят содир этилгани маълум бўлди. Мазкур жиноятларнинг асосий қисмини порахўрлик, мансабдорлик ва фирибгарлик жиноятлари ташкил этади.
Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Агентлик томонидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда ҳудудлар кесимида ҳоким ёрдамчиларини коррупцияга қарши кураш ва ҳалоллик бўйича махсус курсларда ўқитиш тизими йўлга қўйилди.
Шунга мувофиқ, жорий йилнинг 20 июнь санасидан эътиборан мамлакатимиз ҳудудларида “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашишнинг устувор йўналишлари, давлат хизматчиларида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни ва унга қарши курашиш бўйича ижобий хулқни шакллантириш” мавзусидаги семинар машғулотлари бошланди.
Унда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари ходимлари ҳамда ҳоким ёрдамчилари иштирок этмоқда.
Ушбу тадбирнинг дастлабкиси куни кеча Тошкент шаҳри ва Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтди. Бугун эса Қашқадарё вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида давом этмоқда.
Семинар машғулотларида Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашишнинг устувор йўналишлари ҳамда коррупциянинг олдини олишнинг замонавий механизмларини жорий этиш масалалари юзасидан батафсил маълумот берилмоқда.
Хусусан, коррупцияга қарши курашиш бўйича қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, корррупциянинг олдини олиш борасида жорий этилаётган янги механизмлар, коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти, давлат хизматчиларининг мол мулки ва даромадларини декларациялаш тизимини жорий этиш, манфаатлар тўқнашувини самарали бошқариш йўналишларида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ва улар учун белгиланган жавобгарлик масалалари ҳамда ҳоким ёрдамчилари томонидан содир этилган коррупциявий ҳуқуқбузарликлар таҳлил қилинмоқда. Бу борада ҳоким ёрдамчилари фаолиятида коррупциявий омилларни вужудга келиш сабаблари ҳамда шарт-шароитлари, уларни бартараф этиш усулларига алоҳида урғу берилмоқда.
Семинарлар жорий йилнинг 1 июль санасига қадар мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтади.
Семинарлар якуни бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятида йўл қўйилаётган порахўрлик, мансабдорлик, фирибгарлик ва бошқа корррупцион ҳолатларни келтириб чиқарувчи омиллар, уларнинг ечими атрофлича таҳлил қилинади. Бу борада ҳоким ёрдамчиларининг ҳам фикр-мулоҳаза ва таклифлари умумлаштирилиб, тегишли ташкилотларга кўриб чиқиш учун тақдим этилади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати