Жорий йилнинг 4-5 июль кунлари Швейцария Конфедерациясида бўлиб турган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг ушбу мамлакатнинг Бош прокуратураси, Федерал аудит идораси, “Transparency International Switzerland” ташкилоти, шунингдек Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳ раҳбарияти билан учрашувлари ташкил этилди.

Учрашувларнинг асосий масқади тизимдаги коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат бўлди.
Томонлар коррупциянинг олдини олишда замонавий ахборот технологиялари кенг жорий этиш, жиноятлар доирасида олиб кетилган активларни қайтариш, давлат маблағларидан фойдаланиш мониторинги ва бу жараённинг шаффофлигини таъминлаш, давлат харидлари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар бериш тизими ҳамда мазкур соҳада нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлик механизмлари юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.

Маълумот учун: Бугунги кунда Швейцария Бош прокуратураси томонидан 6 млрд. евро миқдоридаги ноқонуний маблағлар музлатиб қўйилган бўлиб, шундан 2млрд. евро миқдоридаги маблағлар хорижий мамлакатлар вакилларининг активлари ҳисобланади.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳ – Швейцариянинг коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш учун масъул бўлган орган ҳисобланади. Унинг таркибига федерал даражадаги барча давлат идоралари ва Бош прокуратура вакиллари киради.

Учрашувлар якунида истиқболдаги ҳамкорликни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Швейцария Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро ишчи гуруҳи ўртасида икки томонлама ўзаро англашув Меморандумини имзолаш юзасидан келишувга эришилди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати