Жорий йилнинг 25-26 июль кунлари Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё учун Коррупцияга қарши кураш тармоғи (ACN) томонидан “Юқори даражадаги коррупция тўғрисида ACN матрицаси” мавзусида онлайн тренинг ташкил этилди.
Маълумот учун: Матрица Коррупцияга қарши курашиш тармоғи томонидан ўтказилган мониторинг натижалари, GRECO, “Transparency International” ва бошқа ташкилотларнинг таҳлилларидан келиб чиқиб, юқори даражадаги мансабдор шахслар томонидан содир этилган коррупцияга оид ишларни таҳлил қилиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Матрица Шарқий Европа ва Марказий Осиёда қайд этилган ушбу турдаги ишларнинг маълумотлар базаси бўлиб хизмат қилиши назарда тутилган.
Матрицани шакллантиришдан мақсад юқори даражадаги мансабдор шахслар орасида коррупцияга қарши курашиш юзасидан пухта сиёсатни ишлаб чиқиш учун батафсил, чуқур таҳлилга эга бўлиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар салоҳиятини кучайтиришдан иборат.
Тренингда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Бош прокуратура, Олий суд, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Молия вазирлиги, Ҳисоб палатаси ва бошқа вазирлик ва идораларнинг 20 нафардан зиёд вакиллари, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон Республикалари вакиллари иштирок этди.
Тадбир давомида Коррупцияга қарши кураш тармоғи раҳбари Олга Савран ҳамда экспертлари Андрей Кухарук, Динара Афаунова ва Ноел Мериле томонидан матрицанинг ишлаб чиқилиши тарихи, унинг асосий мақсадлари, Матрица шакли, унинг манбалари, даврийлиги, маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш, коррупция бўйича ишларнинг Матрицага киритилиши учун талаблар ва уларни муҳокама қилиш масалалари ҳақида маълумотлар бериб ўтилди.
Иштирокчиларда тўлиқ тасаввур ҳосил бўлиши учун Матрицани шакллантириш бўйича амалий машғулотлар ташкил этилди ҳамда мисоллар ёрдамида маълумотларни киритиш тартиблари тушунтирилди.
Тренинг давомида иштирокчилар муҳокама қилинган мавзулар юзасидан экспертлардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати