Бугун Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов oлий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошқулов билан биргаликда олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш учун ижодий (касбий) имтиҳонларнинг қай даражада очиқ, шаффоф ташкил этилаётгани ва уларнинг Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилиши ҳолатини ўрганишни давом эттирди.
Бу галги манзил Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳамда Ўзбекистон давлат консерваторияси бўлди.
Ҳар икки олий таълим муассасасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6247-сон Фармони талабларига мувофиқ, ижодий имтиҳонларнинг шаффофлигини таъминлаш, синов жараёнларида коррупцион хавф-хатарларнинг олдини олишга қаратилган ташкилий ишлар амалга оширилганлиги гувоҳи бўлинди.
Хусусан, синов жараёнлари барча фойдаланувчилар учун очиқ бўлган imtihon.edu.uz веб-платформаси орқали реал вақт режимида трансляция қилиниши таъминланмоқда.
Имтиҳонлар ўтказиладиган бино ва хоналарда 24 соат узлуксиз ишлайдиган веб-камера кузатуви йўлга қўйилган. Шунингдек, бундай ҳудудлар яқинида ота-оналар учун кутиш майдони ташкил этилган бўлиб, улар майдонга ўрнатилган мониторлар орқали имтиҳон жараёнини кузатиб бориш имконига эга бўлмоқда.
Ижодий имтиҳонларнинг шаффоф, очиқ ва адолатли ўтишини таъминлаш учун кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам назоратчи сифатида жалб этилган.
Эслатиб ўтамиз, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2022/2023 ўқув йили учун ўтказиладиган имтиҳон жараёнларининг очиқ ва шаффоф ташкил этилиши, тест ва ижодий имтиҳонларнинг Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилиши сифатини мониторинг қилиб боради.
Агар имтиҳон жараёнларида коррупциявий ҳолатлар ёки Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатиш тартибига риоя этилмаслик ҳолатларига дуч келсангиз, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг “1253” Call-маркази, шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Телеграмдаги @EduAntiCorruptionBot т ёки "Ишонч телефони" (1006) орқали хабар беришингизни сўраймиз.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати