Маълумки, спорт - меҳнат жамоасини янада бирлаштирувчи, янада қувватлантирувчи муҳим воситалардан бири ҳисобланади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари ўртасида Агентлик директорининг соврини учун ўтказилган спорт мусобақалари ҳам буни яққол исботлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва жамоавий руҳни кучайтириш мақсадида ташкил этилган мазкур спорт тадбирида Агентлик жамоаси спортнинг мини футбол, волейбол, стол тенниси турлари бўйича ўзаро баҳс олиб борди.

Ғалабага иштиёқ, ўз кучига ишонч ва енгилмас ирода билан интилиш муросасиз ва қизиқарли мусобақаларнинг ҳар бирида яққол сезилиб турди.
Хусусан, мини футбол мусобақасида “Бургутлар” жамоаси мутлақ ғалаба қозонди. 2-ўринни “Лидерлар”, 3-ўринни эса “Лочинлар” жамоаси банд этди.

Волейбол мусобақасида ҳам “Бургутлар” жамоасининг қўли баланд келди. “Лочинлар” жамоасига бу гал 2-ўрин насиб этди, “Anticor ladies” ушбу баҳсда 3-ўрин соҳиби бўлди.
Стол тенниси мусобақаси асосан Агентлик аёлларининг фаоллиги остида кечди. Фахрли 1-ўринни А.Смаилова қўлга киритди, 2-ўринни Н.Самандарова, 3-ўринни эса А.Исамуҳаммедов эгаллади.

Ғолиблар мусобақа мезонларидан келиб чиқиб ўз иштироки, эришган натижасига кўра муносиб тақдирланди.
Муҳими, мазкур спорт мусобақалари орқали жамоада ўзаро соғлом рақобат ва адолатли муҳит янада кучайтирилди, аҳиллик ва жипслик мустаҳкамланди.
Агентлик жамоаси учун асосий натижа ва энг катта ғалаба шу аслида.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати