Маълумки, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан кўплаб соҳалар қаторида фуқароларнинг ахборотни эркин излаш ва олишга доир конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш мақсадида очиқликни таъминлаш соҳасида ҳам катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Белгилаб берилган устувор мақсадлардан келиб чиқиб, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти жамоатчилик учун очиқ ва шаффоф бўлиши, мансабдор шахслар эса халқ олдида ҳисобдорлиги давлат раҳбари даражасидаги қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгилаб қўйилди.
Ҳусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йилнинг 14-июнь куни ПФ-154-сон фармони қабул қилиниб, давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси жорий этилди.
Шунингдек, мазкур Фармон билан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда Очиқликни таъминлашга масъул ходимлар билан шартномалар тузишда қўллаш учун тавсиявий ҳусусиятга эга бўлган очиқликни таъминлаш соҳасида қонунчилик талабларини бузганлик учун интизомий жавобгарликни белгиловчи намунавий шартлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
Топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида миллий қонунчилик ҳамда илғор хорижий давлатлар тажрибасини таҳлил қилган ҳолда Очиқликни таъминлашга масъул ходимлар билан шартномалар тузишда қўллаш учун тавсиявий хусусиятга эга бўлган очиқликни таъминлаш соҳасида қонунчилик талабларини бузганлик учун интизомий жавобгарликни белгиловчи намунавий шартлар ишлаб чиқилди.