Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашлари учун навбатдаги семинарнинг асосий мавзуси Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими ҳақида бўлди.
Агентлик вакиллари томонидан тизимнинг мақсади давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятига оид самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш ва уларни баҳолаш тизимини жорий этиш эканлиги таъкидланди.
Қайд этилганидек, Рейтинг баҳолаш қуйидаги бешта йўналиш бўйича белгиланган индикаторлар асосида амалга оширилади:
давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш бўйича механизм ва ҳуқуқий асосларнинг яратилганлиги;
коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни камайтириш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилганлиги;
давлат ташкилотлари раҳбарларининг коррупцияга қарши муросасиз муносабатни кўрсатувчи хатти-ҳаракатларининг мавжудлиги;
ходимларнинг коррупцияга қарши курашишга оид ички тартиб-таомиллардан хабардорлиги;
коррупцияга қарши курашиш бўйича тегишли соҳа ёки тармоқ кесимида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган тарғибот тадбирларининг самарадорлиги.
Рейтинг баҳолаш натижалари электрон платформада ҳисоблаб чиқилади ва ҳар йили 1 мартга қадар кенг жамоатчилик учун оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилади.
Тренинг давомида ҳудудий кенгашларнинг рейтинг баҳолаш жараёнидаги иштироки ҳақида ҳам фикр алмашилди.
Ҳудудлардаги ташкилотларнинг коррупцияга қарши курашиш фаолиятини юқоридаги индикаторлар асосида таҳлил қилиш ва ҳудудий кенгашлар йиғилишларида мунтазам муҳокама қилиб бориши мумкинлиги билдирилди.
Шунингдек, республика ташкилотлари томонидан ҳудудга оид маълумотларнинг тўғри ва ҳаққоний киритилганини ўрганиш ва мониторинг қилиб бориш борасида ҳам ҳудудий кенгашлар олдига аниқ вазифалар белгиланди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати