Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2022 йил август ойида давлат буюртмачиларининг давлат харидлари махсус ахборот портали орқали амалга оширган харидлари таҳлил қилинди.
Аниқланишича, жорий йилнинг август ойи давомида қиймати 6 380,9 млрд. сўмлик 97 332 та давлат харидлари амалга оширилган бўлиб, ушбу давлат харидларидан 381,6 млрд. сўмлик 57 221 та харидлар электрон дўкон, 56,4 млрд. сўмлик 4 054 та харидлар электрон аукцион, 629,6 млрд. сўмлик 4 070 та харидлар энг яхши таклифни танлаш, 1 702,2 млрд. сўмлик 475 та харидлар тендер ва 3 611,1 млрд. сўмлик 31 512 та харидлар тўғридан-тўғри шаклида ўтказилган.
Агентлик томонидан ўтказилган масофавий мониторинг давомида давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик талаблари бузилиши билан боғлик бир қатор ҳолатлар аниқланди.
Масалан, Юқоричирчиқ тумани Йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси буюртмачилигида 2.875,0 млрд. сўмлик асфальт бетон қоришмалари билан таъминлаш учун ўтказилган танловда “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 10, 14, 19 ва 42-моддалари ҳамда “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг талаблари бузилган ҳолда харид комиссиясининг раиси ўзига тегишли фирма билан ушбу танловда иштирок этган ҳолда ўзини ғолиб деб эълон қилганлиги ва бошқа қонун бузилиш ҳолатлари аниқланиб, харид натижаларини бекор қилиш ҳақида тақдимнома киритилди.
Шунингдек, мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний қарор қабул қилиш учун Бош прокуратурага юборилди.
Юқоричирчиқ тумани Йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан Агентлик тақдимномаси қаноатлантирилиб, харид комиссиясининг баённомаси 12.08.2022 йилда бекор қилинган.
Шунингдек, “Milliy PR-Markazi” Унитар корхонаси томонидан 2022 йил 1 август куни “Welcome to Uzbekistan” ва “Ziyorat Turizmi” қисқа метражли видеороликларни суратга олиш юзасидан 993,0 млн. сўмлик танлаш ўтказилиши ҳақидаги эълон ўрганилганида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги Қонунларининг талаблари бузилиб, аффилланганлик ҳолатларига баҳо берилмаганлиги, яъни танловда бир шахсга тегишли фирмалар иштирок этиб ғолибликни қўлга киритганлиги сабабли ушбу харид натижасини бекор қилиш ҳақида буюртмачига тақдимнома киритилди.
“Milliy PR-Markazi” Унитар корхонасининг 2022 йил 18 августдаги хатига асосан Агентлик тақдимномаси қаноатлантирилиб, харид комиссияси баённомаси бекор қилиниши таъминланган.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилган.
Бундан ташқари, Нарпай тумани мактабгача таълим бўлими томонидан 182,4 млн. сўмлик, Конимех туман йўллардан фойдаланиш Унитар корхонаси томонидан 100,0 млн сўмлик, Нарпай тумани Тиббиёт бирлашмаси томонидан 100,0 млн. сўмлик, Фарғона вилояти ҳокимлиги Ягона буюртмачи хизмати инжиниринг компанияси буюртмачилигида 360,0 млн сўмлик, Самарқанд Давлат чет тиллар институти томонидан 1,4 млрд сўмлик, Тахтакўпир туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан 107,1 млн сўмлик, Ромитан туман 26-сон имконияти чекланган болалар учун ихтисослашган махсус мактаб интернати томонидан 146 млн. сўмлик, Паяриқ туман мактабгача таълим бўлими буюртмачилигида 757,5 млн сўмлик, Пахтачи туман ҳокимлиги томонидан 190,2 млн. сўмлик, Бўзатов туман тиббиёт бирлашмаси томонидан 1,0 млрд. сўмлик, Тупроққалъа туман ҳокимлиги томонидан 962,7 млн сўмлик давлат харидларини амалга оширишда буюртмачилар томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги Қонунлари талаблари бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланиб, буюртмачиларга харид натижаларини бекор қилиш ҳақида тақдимномалар киритилган.
Шунингдек, юқоридаги ҳолатлар бўйича қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги масаласини ҳал қилиш учун тўпланган ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилган.
2022 йилнинг август ойида давлат буюртмачилари томонидан махсус ахборот порталлари орқали амалга оширилаётган давлат харидлари масофавий мониторинг тартибида ўрганилиб, аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан жами 19 та тақдимнома киритилиб, 21 та ҳолатларда жиддий қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган мансабдорларнинг жавобгарлигини ҳал қилиш учун тўпланган ҳужжатларга Бош прокуратурага юборилган.
Бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати