Хабар берганимиздек, жорий йилнинг 13-16 сентябрь кунлари Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Японияга ташрифи амалга оширилди.
Ташрифнинг мақсади икки давлат ваколатли идоралари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳамда истиқболда ўзаро тажриба алмашишнинг аниқ механизмларини муҳокама қилишдан иборат бўлди.
Шу мақсадда Японияда коррупцияга қарши курашиш соҳасида фаолият юритувчи давлат идоралари, халқаро ташкилотлар ва таълим муассасалари раҳбарлари билан учрашувлар ташкил этилди.
Хусусан, жорий йилнинг 13 сентябрь куни А.Бурханов ҳамда Япониянинг Нагоя университети Президенти Н.Сугияма, (Нагоя университетининг собиқ президенти) Токай миллий олий таълим ва тадқиқот муассасалари консорциуми раиси С.Мацуо, Нагоя иқтисодиёт университети президенти Х.Сабури, шунингдек, Осиё ҳуқуқий алмашинув маркази (CALE) директори Д.Ёкомизо билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Нагоя университети мамлакатдаги 775 та миллий, давлат ва хусусий олий таълим муассасалари орасида энг яхши ўнта университетлардан бири ҳисобланади. Университет дунёнинг нуфузли ОТМлари рейтингида 112-ўринда, Осиёда эса 28-ўринда туради.
CALE Осиё мамлакатларига давлат қурилиши жараёнини самарали амалга ошириш учун ҳуқуқий тизимларни яратишда ёрдам беради. Шу муносабат билан Марказ Япония ҳукумати билан ҳамкорликда ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш лойиҳаларини ишлаб чиқмоқда.
Мулоқот чоғида Агентлик директори Япония университетлари эксперт ва профессорларини жалб қилган ҳолда коррупцияга қарши курашиш ва давлат хизматчиларининг бу борадаги билимларини ошириш бўйича семинар ва тренинглар ўтказиш, Ўзбекистонда ташкил этилиши режалаштирилаётган Коррупцияга қарши виртуал академия фаолиятини қўллаб-қувватлаш, Японияда қисқа муддатли ўқув курслари орқали давлат хизматчиларининг малакасини ошириш каби йўналишларда ҳамкорлик ўрнатиш бўйича келишувларга эришилди.
Шунингдек, Япониянинг илмий академик доира вакиллари учун Ўзбекистонда амалга оширилаётган аксилкоррупция сиёсати тўғрисида махсус тақдимот ўтказилди.
14 сентябрь куни Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) вице-президенти К.Наказава билан бўлиб ўтган мулоқотда эса Агентлик ва JICA ўртасида соғлиқни сақлаш соҳасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича қўшма лойиҳани ишлаб чиқиш, лойиҳа доирасида коррупцияга қарши самарали курашишга оид қонунчиликни такомиллаштириш, коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашлар фаолиятини баҳолашни назарда тутувчи электрон платформани яратиш каби масалаларда ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Шу куни Агентлик директори Япониянинг Парламент ташқи ишлар вазири Ю.Ёшикава, Миллий кадрлар бошқармаси (NPA) бошлиғи Ю.Камовото билан ҳам учрашди.
Ушбу мулоқотларда япон томони Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, кўрилаётган чораларни қўллаб-қувватлашга ва бу борада яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканликларини билдиришди. Жумладан, Япония Миллий кадрлар бошқармаси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда давлат хизматчиларида ҳалоллик вакцинасини жорий қилиш бўйича махсус қўлланма яратишга келишилди.
Маълумот учун: Японияда Миллий давлат хизматчилари конституцияда “бутун халқнинг хизматкорлари” сифатида белгиланган бўлиб, улар ўз вазифаларини оғишмай, адолатли бажаришга мутлақо мажбурдирлар. “Давлат хизмати тўғрисида”ги миллий қонунга мувофиқ, NPA кадрларни бошқаришда адолатни таъминлаш ва давлат хизматчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун масъул бўлган бетараф ва ихтисослашган ташкилот сифатида ташкил этилган.
15 сентябрь куни Япония адлия вазири Х.Ясухиро, Бош прокурор Ю.Каи ҳамда Миллий полиция агентлиги бош комиссари ўринбосари Й.Огата билан ўтказилган учрашувларда қонун ҳужжатларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш, давлат органлари фаолиятида коррупция хавфини баҳолаш, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, коррупциянинг сабаблари ва уни келтириб чиқарувчи омилларни аниқлаш ҳамда ушбу жараёнларда ахборот технологияларидан фойдаланиш борасида доимий ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича келишувларга эришилди.
Учрашувда, шунингдек, давлат органларининг коррупцияга қарши курашиш фаолиятини мувофиқлаштириш тизими, миллий қонунчиликка коррупцияга қарши курашишнинг халқаро стандартларини жорий этиш, нодавлат сектор ва академик доиралар билан ўзаро ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
16 сентябрь куни Агентлик директори БМТ Жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарлар билан шуғулланиш бўйича Осиё ва Узоқ Шарқ институти (UNAFEI ) директори ўринбосари Д.Иреи билан учрашди.
Маълумот учун: UNAFEI 2007 йилдан буён Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларида қонун устуворлиги ва яхши бошқарувни илгари суриш мақсадида “Яхши бошқарув семинари” деб номланувчи йиллик минтақавий семинарга мезбонлик қилади. Семинардан кўзланган мақсад минтақада коррупцияга қарши кураш чоралари ва ҳуқуқий тизимларни мустаҳкамлаш йўлларини ўрганишдан иборат.
Институтнинг Жиноий судловда коррупцияга қарши кураш бўйича халқаро ўқув курси мавжуд бўлиб, унда давлат амалдорлари томонидан порахўрлик, ўғирлик ва ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш каби мамлакатлардаги коррупция муаммолари ҳақида маълумот берилади. Тренинг коррупциянинг ҳозирги ҳолати, жиноят-ҳуқуқ тизимидаги коррупция билан боғлиқ долзарб муаммолар ва уларни ҳал қилиш йўллари, тергов ва айблов даражасидаги муаммо ва ечимлар, коррупциянинг олдини олиш бўйича умумий чора-тадбирлар ва бу борада халқаро ҳамкорлик каби муҳим масалаларни қамраб олади.
Учрашувда шу каби таълим жараёнлари, соҳада ўқув дастурларини яратиш ва тадқиқотлар олиб боришга оид қўшма тадбирларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, Агентлик ходимларини Жиноий судловда коррупцияга қарши кураш бўйича халқаро ўқув курсида узлуксиз тайёрлаш амалиётини йўлга қўйиш муҳокама қилинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати