Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳамда БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида “II Тошкент Аксилкоррупция форуми” бўлиб ўтди.
Форум БМТ ГЖБ, ЕХҲТ, Жаҳон Банки ва “Минтақавий мулоқот” ХНТ кўмагида ташкил этилди.
Унда АҚШ, Корея, Гонконг, Малайзия, Латвия, Озарбайжон каби мамлакатларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича органлари вакиллари, шунингдек, хорижий экспертлар, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар, вазирлик ҳамда идоралар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Форумнинг асосий мақсади - коррупцияга қарши курашиш борасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва саъй ҳаракатларни кенг жамоатчиликка, шу жумладан халқаро ҳамжамиятга етказиш, бу борада истиқболдаги вазифаларни белгилаб олиш ва энг муҳими коррупцияга қарши курашишга масъул бўлган ҳам маҳаллий ҳамда хорижий ҳамкорлар билан ўзаро тажриба алмашиш ва бу борада халқаро ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришдан иборат.
Форум ўз ишини ялпи мажлис билан бошлади, шундан сўнг жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ҳамда коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш, коррупцияга қарши курашишда таълим ва маърифатни кучайтириш механизмлари муҳокамаларига бағишланган учта сессияда ўзаро мулоқотлар давом эттирилди.
Хусусан, Форумнинг биринчи муҳокамалар сессияси “Очиқлик ва ошкоралик коррупцияга қарши курашнинг самарали механизми сифатида” мавзусида бўлиб ўтди.
Унда Корея ва Озарбайжон мамлакатларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича ваколатли ташкилот ва идоралари раҳбарлари ва вакиллари, ЕХҲТ, Минтақавий мулоқот нодавлат нотижорат ташкилоти мутахассислари томонидан давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашнинг самарали механизмларини яратиш, очиқ маълумотлардан фойдаланиш, жамоатчилик назоратини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш сингари йўналишларда маълумотлар тақдим этилди.
“Коррупциявий хавф-хатарларни самарали баҳолашни шакллантириш” мавзусидаги навбатдаги сессияси доирасида миллий ва халқаро иштирокчилар коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш методологияси, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш усуллари ва уларнинг коррупциянинг олдини олиш ва яхлитлик тизимини сақлашдаги аҳамияти билан таништирилди.
Шунингдек, коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва минималлаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ушбу сессияда Малайзия, Гонконг, Финляндия каби мамлакатларнинг вакиллари ва Жаҳон банки, БМТ ТД ва Европа Кенгаши экспертлари иштирокчиларни бу борадаги хорижий тажриба билан таништириб ўтди.
“Коррупцияга қарши курашишда таълимнинг ўрни” мавзусидаги муҳокама сессиясида коррупцияга қарши таълим соҳасида илғор тажриба алмашиш, коррупцияга қарши таълимнинг замонавий механизм ва воситаларини ўрганиш, қолаверса, давлат хизматчилари ва аҳолини коррупцияга қарши ўқитиш бўйича чора-тадбирларни янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Унда БМТ ТД, БМТ ГЖБ, Жаҳон банки, IACA халқаро аксилкоррупция академияси экспертлари ўз маърузалари билан иштирок этди.
Бундан ташқари, сессия давомида коррупцияга қарши курашишдаги таълимнинг ўрни, ушбу соҳада Ўзбекистондаги олиб борилаётган ишлар ва келгусидаги режалар хусусида сўз юритилди.
Форумнинг яна бир диққатга сазовор жиҳати унинг доирасида Агентлик томонидан соҳа ривожига ўз ҳиссасини қўшаётган бир қатор ташкилот ва шахслар эътироф этилиши бўлди. Жумладан:
Форум халқаро ва хорижий амалиёт, илғор тажрибалар мисолида коррупцияга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чораларнинг моҳияти ва аҳамиятини, шунингдек, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини халқаро ҳамжамият эътиборига ҳавола этиш имконини берди.
Бир сўз билан айтганда, мазкур тадбир коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги миллий ва хорижий экспертлар, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун очиқ мулоқот, қизғин муҳокама ва ўзаро тажриба алмашишда ўзига хос платформа бўлди.
Форум якунида амалдаги коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш сиёсатини янада такомиллаштириш, айни йўналишдаги чора-тадбирлар натижадорлигини баҳолаш ва сифатини ошириш, халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича таклиф-тавсиялар тайёрланди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати