Жамоатчилик фикри сўрови Коррупцияга қарши курашиш агентлиги буюртмаси билан “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти асосида 2022 йилнинг апрель ойида ўтказилди.
Сўров жараёнида мамлакатнинг барча минтақаларида 18 ва ундан катта ёшдаги 1100 нафар фуқаро иштирок этди.
Сўровлар натижасида қуйидагилар аниқланди:
62,7% фуқаролар фақат фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари билан коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ўзаро ҳамкорлиги, ҳар бир ўзбекистонликнинг фаол фуқаролик позициясигина коррупция хавфини камайтириш ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш имконини беришига ишонади.
Ҳар тўртинчи респондент соғлиқни сақлаш муассасаларида коррупциянинг кенг ва ҳамма жойда тарқалганлигини кўрсатган бўлса, ҳар учинчи респондент бу соҳадаги коррупция айрим жойларда рўй бераётганини қайд этди.
Сўров натижалари кўрсатишича, олий ва ўрта махсус таълим тизимида 20,3% респондентлар коррупцянинг кенг ва ҳамма жойда тарқалганини кўрсатди, яна 30,9% респондентлар тизимда бу иллат мавжудлигини, аммо кенг тарқалмаганлигини таъкидлади. Сўров натижаларига кўра, мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларида коррупция камроқ тарқалган.
Тадқиқотда фуқароларнинг банк тизимидаги коррупция ҳақидаги фикри ўрганилди. Респондентларнинг деярли учдан бир қисми банк тизимида коррупция ҳолатлари мавжуд деб ҳисоблашади: 13,4% респондентлар бу ҳолнинг кенг тарқалганлигини кўрсатди, 18,1% респондентлар бундай ҳолатлар айрим жойларда содир бўлмоқда, деган фикрда.
Тадқиқотда фуқароларни мансабдор шахсга пора бериш орқали қонунни бузишга ундайдиган ҳолатлар аниқланди. Сўров натижалари кўрсатганидек, фуқаролар кўпинча дуч келадиган муаммони тезда ҳал қилиш, уни ҳал қилишнинг қонуний усулидан келиб чиқадиган бюрократия, сансалорликларнинг олдини олиш учун пора беришади (44,1%).
Ҳар бешинчи респондент фуқаролар пора бериб, мансабдор шахс томонидан тамагирлик қурбонига айланишади (18,7%), деган фикрни билдирди.

Тадқиқот натижаларига кўра, қариндошлари коррупция, тамагирлик ёки порахўрлик ҳолатларига дуч келгани ҳақида биладиган респондентларнинг улуши 13,9%ни ташкил этди. Аксарият, хусусан 83,3% фуқаролар қариндошлари ёки яқинлари тамагирлик ёки порахўрлик ҳолатларига дуч келганидан бехабар эканликларини айтишди.
Бу коррупция ҳақида кўпчиликда фикр, хулосалар мавжуд бўлса-да, аммо ҳақиқий коррупция ҳолатига дуч келган ёки уни гувоҳи бўлган фуқаролар улуши жуда кам эканлигини кўрсатди.
Натижаларга кўра, респондентларнинг кўпчилиги коррупциявий муносабатларни мансабдор шахслар томонидан пора тама қилиниши билан боғлайди: қариндошлари ёки яқинлари коррупциявий муносабатларга жалб этилган 70,8% респондентлар мансабдор шахслар ёки муайян ваколатларга эга бўлган шахслар ўзларининг бевосита мажбуриятларини бажариш учун пул тама қилишган, деб жавоб беришди. 16,2% респондентларнинг фикрига кўра, қариндошлари ёки яқинлари мураккаб вазиятга тушиб қолиб, муаммосини ҳал қилиш учун уларнинг ўзлари мансабдор шахсга пора беришни таклиф қилишган.
Жамоатчилик фикри сўрови пора бериш таклиф қилинган 41,9% фуқаролар ушбу таклифга рози бўлганлигини аниқлаб берди. Ҳар учинчи респондент коррупциявий битимни рад этиб, пора бермаганини ва олмаганини айтди. Респондентларнинг озроқ фоизи (6,1%) таклифга дарҳол жавоб беришга журъат қилмасдан, ўйлаб кўриш ва якуний қарор қабул қилиш учун "вақт" олди, 5,4% фуқаролар қариндоши пора олганини қайд этишди.
Фуқароларнинг коррупциявий муносабатларга киришишига туртки берадиган асосий сабаб бу уларнинг вақт ва асабларни тежаган ҳолда, бюрократик сансалорликлардан қочиб ва керакли натижага кафолатли эришиб, мавжуд муаммони ҳар қандай йўл билан ҳал қилиш истаги ҳисобланади. 79% респондентлар ана шундай жавоб беришди.
"Шахсан Сиз коррупция, тамагирлик, порахўрлик ҳолатларига дуч келганмисиз?" деган саволга 15% респондентлар “ҳа”, деб жавоб қайтарди. Аксарият фуқаролар (84,7%) коррупциявий ўзаро муносабатлар борасида шахсий тажрибага эга эмас, ҳеч қачон пора берган ёки олган эмас ва пул тама қилинган вазиятга тушиб қолмаган.
Кўп ҳолларда ўзининг шахсий коррупциявий тажрибасига эга эканлигини тан олган фуқаролар ваколатларга эга бўлган шахслар улардан пора тама қилган вазиятга тушиб қолганлигини таъкидлади. 79,5% респондентлар шундай деб жавоб беришди. Сўров давомида коррупция билан боғлиқ вазиятга тушиб қолганлигини тан олганларнинг ҳар олтинчиси мансабдор шахсга мукофотни шахсан ўзи таклиф қилганлигини билдирди.

Бу эса коррупциянинг олдини олиш жараёнларида нафақат мансабдор шахслар психологияси балки, аҳоли фикри ҳам алоҳида ўрганилиши лозимлигини намоён этди.
Муаммоларини пул эвазига ҳал қилиб бериш таклифини олган респондентларнинг ярмидан кўпи (53%) пора беришдан бош тортган ва қонунга хилоф йўлдан бормаган. Сўров натижаларига кўра, бундай танловга дуч келган 39,8% сўров иштирокчилари ушбу таклифдан фойдаланишни ва ўз масалаларини пул ёрдамида ҳал қилишни афзал кўришган. Олинган натижалар шуни кўрсатмоқдаки, коррупциявий вазиятга тушиб қолган аксарият фуқаролар бундай вазиятларда қандай ҳаракат қилиш кераклиги ҳақида аниқ тасаввурга эга эмас, атиги 3,6% респондентлар коррупция факти ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беришган.
Бу эса аксарият коррупциявий ҳолатларнинг яширин қолиб кетишига ва маиший коррупциянинг янада ортишига сабаб бўлади. Коррупциявий ҳолатлар ҳақида хабар беришга тайёр аҳоли миқдорини оширмасдан туриб, жойлардаги коррупцияга қарши курашиш борасида самарали натижага эришиб бўлмайди. Бу борада коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берувчиларни ҳимоя қилиш ва коррупция тўғрисида хабар берган шахсларни рағбатлантириш механизмларини назарда тутиш бўйича амалий чора-тадбирларни кўриш муҳимдир.
Коррупциявий вазиятга тушиб қолган фуқаролар пора бериш ёки бермаслик танловига дуч келишади. Ушбу тадқиқотда коррупциявий ва нокоррупциявий хулқ-атвор жиҳатлари ўрганилди. 55,3% респондентлар пора беришни рад этиш фойдасига танлов қилишади. 26,4% фуқаролар фақат тамагир билан келишишдан бош тортибгина қолмай, балки воқеа ҳақида тегишли органларга хабар беради, улар бу коррупция жиноятлари занжирини узишга ёрдам беради ва тамагир бундан кейин ноқонуний ҳаракатларни жазосиз давом эттира олмайди, деб ҳисоблашади. 11,4% респондентлар учун ўз муаммоларини ҳар қандай усул билан ҳал қилиш устувор бўлиб, агар уларга муаммони пора ёрдамида ҳал қилиш таклиф этилса, буни рад этмайдилар.
Бу эса мансабдор шахсларнинг коррупциявий хулқ-атворини қай тарзда билиб олиш, бу ҳақда қандай қилиб, қаерга хабар қилиш, шунингдек, маълум тўлов тама қилиниб, коррупциявий муносабатларга мажбурланаётган фуқаро ўзини қандай тутиши кераклиги ҳақида кенг жамоатчилик ўртасида хабардорликни ошириш чора-тадбирлари амалга оширилиши лозимлигини кўрсатмоқда.
"Сиз мураккаб муаммони ёки тез ечимни талаб қилувчи кескин ва оғриқли масалани ҳал қилиш учун нима сабабдан пора берасиз?", деган саволга 58% респондентлар "бошқа танловни кўрмаяпман", деб жавоб беришди. Уларнинг фикрига кўра, "ўзларида тизим ва бюрократияга қарши курашишнинг бошқа йўллари, ўз муаммоларини ҳал қилишга эришишнинг бошқа усуллари бўлмаган оддий фуқаролар пора беришади". Ҳар учинчи фуқаро масалани ҳал қилишнинг бундай варианти жараённи сезиларли даражада соддалаштириши ва тезлаштириши мумкинлиги туфайли пора беришга рози бўлади.
Сўров иштирокчиларининг аксарияти - 79,3% - порахўрликни жамиятда одоб-ахлоқ меъёрларига зид ва жамоатчилик томонидан қораланадиган хулқ-атвор, деб ҳисоблайди. Сўралган ҳар ўнинчи респондент жамиятда порахўрликка нисбатан иккиёқлама муносабатлар мавжудлиги ҳақида фикр билдирди, яъни ҳамма уни оғизда гўёки қоралайди, амалиётда эса пора беришади. 7,6% иштирокчиларнинг фикрича, пора амалиётда тамомила нормал ҳолат ҳисобланади ва у жамиятда қораланмайди.
Сўров иштирокчилари коррупцияга қарши курашиш, тамагирлик ва порахўрлик даражасини пасайтириш бўйича турли чора-тадбирларнинг самарадорлиги ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Сўров натижаларига кўра, энг самарали чора - бу коррупция жиноятлари учун жазонинг кучайтирилиши, ҳар иккинчи респондент (48,4%) ушбу нуқтаи назарга қўшилади.
Шу билан бирга, фуқароларнинг фикрича, аҳолининг ҳуқуқий маданияти даражасини ошириш тамагирлик ва порахўрлик даражасини пасайтиришга ижобий таъсир кўрсатади. 42,6% респондентлар мамлакат аҳолисида коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига нисбатан муросасиз муносабатни, барча муаммоларни қонуний ҳал қилишга бўлган муносабатни шакллантириш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини оширишга қаратилган ишларнинг кучайтирилиши коррупция ҳолатлари юзага келишининг олдини олиш чораси бўлади, деб ҳисоблайди. Ҳар тўртинчи респондентнинг (26,0%) фикрига кўра, иш ҳақининг оширилиши давлат хизматчиларини виждонан ишлашга ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этмасликка рағбатлантиради.
Тадқиқот доирасида жамоатчилик фикри сўровининг натижалари асосида фуқароларнинг коррупциявий келишувларда иштирок этишининг олдини олиш юзасидан бир қатор тавсиялар ишлаб чиқилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати