Она табиатнинг саховати чексиз, неъматлари беминнат, бироқ унинг ўзи ҳам эътиборга, асраб-авайлашга ҳамиша муҳтож.
Шу боис давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–46-сон Фармони, хусусан, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасидаги долзарб вазифалар ижросини таъминлаш мамлакатимиз бўйлаб улкан ташаббус, хайрли ҳаракатга айланиб улгурди.
20 октябрь куни старт олган дарахт экиш бўйича навбатдаги «Долзарб 40 кунлик» умумхалқ тадбири эса бу борадаги жонбозлик ва фаолликни янада жонлантириб юборди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги жамоаси ушбу ободлик тадбирларига бу гал ҳам муносиб ҳисса қўшишга киришди. Жумладан, куни кеча Агентлик раҳбарияти иштирокида Агентлик ҳудудида яратилган кўркам ва мўжазгина боғ ҳамда Агентлик биноси атрофи манзарали дарахт кўчатлари билан бойитилиб, янада ободонлаштирилди.
Агентлик жамоаси кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш, яшил майдонларни кенгайтириш каби хайрли ишларда ўз иштирокини фаол давом эттиришни мақсад қилган. Зеро, Она табиат барчамизники, тирикликни яшиллик билан асрашга эса ҳар биримиз масъулмиз.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати