Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бюджет буюртмачилари томонидан амалга оширилаётган давлат харидларида қонунчилик талабларига риоя қилиниши ҳолатларини мунтазам ўрганиб бормоқда.
Ўрганишларда айрим давлат бюртмачилари томонидан давлат харидларини амалга оширишда бир қатор қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги аниқланиб, уларни баратараф этиш юзасидан чоралар кўрилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 10 ойида Агентлик томонидан буюртмачиларга аниқланган жами 356,8 млрд. сўмлик қонунбузилишларни бартараф қилиш ҳамда келгусида шу каби ҳолатларига йўл қўймаслик ҳақида 121 та тақдимномалар киритилган.
Мазкур 121 та тақдимномалардан 77 таси масофавий мониторинглар натижалари юзасидан, 29 таси жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўрганиш натижалари юзасидан, 8 таси оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган материлларни ўрганиш натижалари юзасидан, 7 таси ҳудудларда ўтказилган ўрганишлар натижалари юзасидан киритилган.
Жами кўриб чиқилган 116 та тақдимномалардан 110 таси қаноатлантирилиб, 314,7 млрд сўмлик харид натижалари юзасидан тузилган шартномалар бекор қилинган.
Шу билан бирга, ўрганишларда аниқланган 122 та қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Ушбу сўровномаларнинг 72 таси кўриб чиқилган бўлиб, улар асосида 22 та жиноят ишлари қўзғатилган, 41 нафар шахсларнинг маъмурий, 9 нафар шахсларнинг интизомий жавобгарликка тортилиши таъминланган.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги буюртмачилигида 2022 йил 4 октябрь куни 22 та лот бўйича жами қиймати 11,6 млрд. сўмлик “умумий ўрта таълим мактабларининг бошланғич синф ўқувчиларини озиқ-овқат билан таъминлаш хизмати” юзасидан эълон бўйича давлат харидига оид ҳужжат ва маълумотлар ўрганилганида мазкур давлат харидида ўзаро аффилланган шахсларга (“Crafers” ва “Dolci Organic” MCHJлар) тегишли тадбиркорлик субъектлари иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритганлиги аниқланди.
Бироқ, харид комиссияси томонидан ўзаро аффилланган шахслар харид қилиш тартиб-таомилларида иштирок этишдан четлатилмасдан Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 42-моддаси ва “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 14-моддаси талаблари бузилганлиги аниқланиб, буюртмачи ва юқори ташкилотга харид натижасини бекор қилиш ва келгусида шу каби қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик юзасидан тегишли чора-тадбирларни белгилаш ҳақида тақдимномалар киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг жавоб хатига кўра буюртмачи томонидан ушбу танлов натижалари бекор қилиниб, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинган.
Шунингдек, Хатирчи туманида яшовчи фуқаро Р.Юсуповнинг мурожаатини ўрганиш натижасида Навоий вилояти Халқ таълими бошқармаси томонидан харид қилинган компьютер жамланмалари 585 млн. 290 минг сўм қиммат нархга харид қилинганлиги аниқланиб, тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун 2022 йил 18 август куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилган.
Мазкур ҳолат юзасидан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Навоий вилояти бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, натижасига кўра 2022 йил 30 август куни Навоий вилояти Халқ таълими бошқармаси, “Computer Components” МЧЖ ҳамда “Magnit Trade Group Business” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати