Коррупцияга қарши курашиш агентлигида “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган асосий тамойил асосида аҳоли мурожаатлари тингланиб, муаммоларга ечим топиш чоралари кўрилмоқда.
Бу борада бугун Агентлик директори А.Бурхановнинг навбатдаги шахсий қабули бўлиб ўтди. Фуқаролар ўз мурожаатларида асосан суд-ҳуқуқ масалалари бўйича ҳамда турли давлат органлари, маҳаллий ҳокимликларда мурожаатларининг тўлиқ ва холисона кўриб чиқилмаётганлигидан ҳамда турли коррупциявий ҳолатлардан норозиликлар билдиришди.
Қабулда фуқароларнинг мурожаатлари тўлиқ тингланиб, муаммоларнинг ечими бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди. Ижроси ўрганиш ва вақт талаб қиладиган мурожаатлар бўйича фуқаролардан тегишли тартибда ариза ва шикоятлар қабул қилиниб, ижроси қатъий назоратга олинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан амалга оширилаётган бу каби саъй-ҳаракатлар аҳоли муаммоларининг ечими топилишига хизмат қилади ҳамда мурожаатларда кўрсатиб ўтилаётган коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқараётган омилларни таҳлил қилган ҳолда уларни бартараф қилиш учун тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилишига замин яратади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати