9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш кунига бағишланган "Аксилкоррупция ҳафталиги" доирасида ўтказиладиган тадбирлар режасига асосан, жорий йилнинг 25 ноябрь куни “Коррупцияга қарши фаолият самарадорлигини оширишда амалий тадқиқотларнинг аҳамияти” мавзусидаги халқаро давра суҳбати ўтказилди.
Тадбир Бош прокуратура Академияси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” маркази, БМТнинг Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Давра суҳбати аралаш форматда ташкил этилиб, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Экспертлар форуми ННТ (Руминия), Лунд университети (Швеция) экспертлари, ҳудудларда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ), илмий ва таълим муассасалари қатнашди.
Тадбирда коррупцияга қарши курашиш жараёнларида фуқаролик ва академик ҳамжамиятларнинг ўзаро ҳамкорлиги масалалари, уларни ушбу жараёнга жалб этиш учун кўрилаётган чоралар ва истиқболдаги вазифалар юзасидан мулоқот қилинди.
Фаол муҳокамалар жараёнида академик доира ва фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга тўсиқ бўлаётган масалалар ва уларни бартараф этиш йўллари юзасидан фикр алмашилди.
Академик ҳамжамият ўртасида коррупцияга қарши курашиш йўналиши кўп тармоқли бўлгани боис, тадқиқотларни ўзаро интеграциясини йўлга қўйиш, социологик тадқиқотларни ҳудудлар ва соҳалар миқёсида ҳам ташкил этишда ННТларни жалб этиш юзасидан таклифлар илгари сурилди.
Шунингдек, ННТларнинг ушбу йўналишда фаолият олиб бораётган экспертлар билан ҳамкорлигини кучайтириш, тадқиқотчи мутахассислар тайёрлаш тизимини келгусида ривожлантириш бўйича мулоҳазалар билдирилди.
Давра суҳбатида якунида коррупцияга қарши курашишда давлат органлари, академик доира ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлиги самарадорликка хизмат қилиши эътироф этилди ҳамда ҳамкорликнинг истиқболдаги йўналишлари белгилаб олинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати