Жорий йилнинг 25 январь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги раҳбарияти ҳамда фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари иштирокида “Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасининг ижро этилиши: мавжуд муаммо ва режалар” мавзусида мулоқот ташкил этилди.
Ушбу учрашув орқали соғлиқни сақлаш тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасининг ижро этилиши юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирларни таҳлил қилиш, коррупцияга сабаб бўлаётган омилларни биргаликда муҳокама қилиш, бартараф этиш бўйича истиқболдаги вазифаларни белгилаш ҳамда ушбу жараёнларга фуқаролик жамияти институтларини фаол жалб этиш мақсад қилинган.
Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 20 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатида коррупцияга қарши курашиш ҳар бир вазирлик ва идора раҳбарининг асосий вазифаларидан бири бўлиши лозимлиги қайд этилди.
Бу борада Коррупцияга қарши курашиш агентлиги коррупция кўп учраётган ва ходимлари аҳоли билан кўп мулоқотга киришувчи соҳаларда масъул вазирлик ҳамда идоралар билан ҳамкорликда коррупциявий омилларни бартараф этмоқда.
Хусусан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда соғлиқни сақлаш тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш юзасидан 2021-2022 йилларга мўлжалланган “Йўл харита”лари тасдиқланиб, ижрога қаратилган.
Лойиҳа доирасида ўтган даврда қуйидагилар амалга оширилди:
- тизимдаги коррупцияга оид ҳолатлар ҳақида тезкор хабар бериш учун “1203” қисқа рақамли “ишонч телефони” ва Call-марказ ишга туширилди;
- давлат тиббиёт муассасаларида бюджет маблағлари ҳисобидан имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга квота асосида ордер беришни тўлиқ электрон шаклда амалга ошириш механизми жорий этилди;
- 10 дан ортиқ хизмат турлари тўла электрон шаклга ўтказилиб, даволаш-профилактика муассасаларининг тасдиқланган пуллик хизматлари миқдори вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилиши таъминланди;
- соҳада коррупциянинг олдини олишга қаратилган 26 мингдан ортиқ тарғибот материаллари тайёрланиб, 3 мингдан зиёд тиббиёт муассасалари, оилавий поликлиника ва шифохоналарнинг кириш жойларига жойлаштирилди ҳамда “Соғлиқни сақлаш ходимлари учун коррупцияга қарши курашишга оид эслатма” тайёрланиб, тизим ходимларига тарқатилди.
Шу билан бирга, ушбу йўналишда соҳани янада такомиллаштиришда тўсиқ бўлаётган бир қатор муаммолар сақланиб қолмоқда.
Хусусан, 2022 йил давомида соҳа ходимлари томонидан содир этилган жиноятларнинг асосий қисми ходимларнинг иш ҳақларини ўзлаштириш, ишга киритиш ёки иш соатини кўпайтириш, давлат харидлари, тиббиёт муассасаларга тегишли мол-мулклар ва бюджет маблағларини ўзлаштириш, тиббий муолажалар учун пора олиш каби ҳолатлар билан боғлиқ.
Булар орасида, тиббиёт ходимларини ишга қабул қилиш, лавозимга тайинлаш ҳамда уларга иш ҳақларини ҳисоблаш билан боғлиқ коррупцион жиноят содир этган шахслар сони соғлиқни сақлаш тизимдаги жами жиноят содир этган шахсларнинг деярли 50 фоизини ташкил этмоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, коррупциявий жиноятларга қўл ураётган шахсларнинг аксарияти шифокор ёки бошқа тиббиёт ходимлари эмас, балки раҳбар ва маъмурий бошқарув ходимлари хиссасига тўғри келмоқда.
Шунингдек, Агентлик, Вазирлик, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамкорлик йўналишлари қаторида маъмурий бошқарув ходимларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, тизимда ишга қабул қилишнинг очиқ ва шаффоф механизмларини жорий этиш масаласини муҳокама қилишди.
Мулоқот давомида оммавий ахборот воситалари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари хусусан, Агентлик ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши вакиллари соҳада жамоатчилик назоратини амалга ошириш йўналишлари тўғрисида ўз таклифларини билдиришди.
Йиғилиш якунида соҳада коррупцияни бартараф этиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, очиқликни таъминлашга оид вазифалар акс этган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг қўшма баёноти қабул қилинди.
Баёнотда амалга оширилаётган ишларни мунтазам равишда жамоатчиликка тақдим этиб бориш ва муҳокама қилиш амалиётини йўлга қўйиш, ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш, ишга қабул қилиш юзасидан келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича электрон платформани ишга тушириш каби йўналишларда муҳим вазифалар белгиланди. Шунингдек, вазирликнинг расмий веб-сайтида тизимдаги бўш иш ўринлари ҳақида маълумотларни акс эттириб бориш, тиббиёт ходимларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг тоифаланган замонавий механизмларини жорий этиш, тиббиёт муассасалари банд қилинган ва бўш турган ўрин (жой) ҳақида онлайн маълумот берувчи электрон платформани ишга тушириш, соҳани рақамлаштириш масалалари ўрин олди.
Қўшма баёнот оммавий ахборот воситалари ҳамда кенг жамоатчиликка эълон қилинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати