Мазкур даврда коррупцияга қарши курашиш соҳасида 5 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, 3 та Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони, 1 та Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.
Хусусан:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 январда қабул қилинган “Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан вазирлик ва идораларнинг марказий аппаратларида коррупцияга қарши курашиш тузилмаларини мажбурий тартибда ташкил этиш талаби белгиланди.
Президентнинг 2023 йил 24 майдаги “Ёқилғи-энергетика соҳасида давлат назорати механизмларини такомиллаштириш ва “Рақамли энергоназорат” тизимини жорий этиш тўғрисида”ги Фармонига асосан, ёқилғи-энергетика соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларидаги коррупциявий омилларни мунтазам равишда таҳлил қилиш асосида ушбу соҳани “коррупциясиз соҳа”га айлантириш белгиланди.
Шунингдек, Президентнинг 2023 йил 20 июндаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида сув хўжалиги соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан соҳада коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий ва молиявий механизмларини такомиллаштириш бўйича 2023 йилга мўлжалланган идоравий дастур ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, вазирлик ва тизим ташкилотлари кесимида коррупция авж олган соҳалар, унинг ривожланиш сабаблари ва шартларини ўрганиш ҳамда коррупция омилларини бартараф этиш белгиланди.
Бундан ташқари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг 54-сон Буйруғи билан “Давлат фуқаролик хизматчиси томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати, шунингдек, уни тасарруф этиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Ҳисобот даврида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳаларида коррупциянинг келиб чиқишига сабаб бўлаётган омилларни аниқлаш ва таҳлил қилиш мақсадида 20 дан ортиқ йўналишда ўрганишлар олиб борилиб, натижалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва бошқа ташкилотларга 25 та таҳлилий маълумот киритилди.
Агентликка жорий йилнинг 1-ярим йиллигида жами 1 562 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 1 535 тасининг кўриб чиқилиши таъминланди, 35 та мурожаат бугунги кунда кўриб чиқилмоқда.
Мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича тегишли вазирлик ва идораларга, вилоят (туман, шаҳар) ҳокимликларига 18 та сўровнома юборилди, қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 13 та тақдимнома киритилди.
Мурожаатларни ўрганиш натижаси асосида 6 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган, 1 нафар давлат идораси ходими билан меҳнат шартномаси бекор қилинган, 4 та қабул қилинган қарор бекор қилинган, 4 та жиноят иши, 3 та маъмурий иш қўзғатилган ва мавжуд хато-камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилган.
Давлат харидларига оид қонунчилик талабларига риоя қилиниши юзасидан ўтказилган масофавий мониторинглар якунига кўра:
1) вазирлик ва идораларга 85 млрд сўмлик эълон қилинган харидлар бўйича коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф қилишга қаратилган 110 та тақдимнома киритилди.
Натижада 83 та давлат хариди бекор қилиниб, 44 нафар масъул шахсга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди.
2) давлат молиявий назорат инспекциясига 57 млрд сўмлик давлат харидлари бўйича ҳуқуқий баҳо бериш учун 43 та сўровнома юборилди.
Натижада Давлат молиявий назорат инспекцияси томонидан давлат харидларини амалга оширишда қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан 21 та маъмурий иш қўзғатилди.
3) ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 284 млрд сўмлик давлат харидлари бўйича ҳуқуқий баҳо бериш учун 68 та сўровнома юборилди.
Натижада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан давлат харидларини амалга оширишда қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан 15 та маъмурий иш ва 12 та жиноят иши қўзғатилди.
Агентлик томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 июндаги ПФ-154-сон Фармонига мувофиқ, 2022 йилда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлашдаги самарадорлик ва йўл қўйилган камчиликлар таҳлил қилиниб, мақсадли индикаторлар асосида баҳоланган “Очиқлик индекси” шакллантирилди.
Очиқлик индексини баҳолашда умумий 86 та вазирлик, идора ва муассасаларнинг очиқлик фаолияти 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳоланиб, унга кўра 15 та давлат органининг очиқликни таъминлаш фаолияти “яшил” – (71-100 балл), 44 та ташкилот “сариқ” – (55-71 балл) ва 27 та ташкилот “қизил” – (55 баллдан паст) тоифаларга ажратилди.
“Очиқлик индекси”ни баҳолаш тизими тўлиқ рақамлаштирилган ҳолда “Open.index” платформаси орқали амалга оширилиб, кенг жамоатчиликка соҳада амалга оширилган ишларнинг самарадорлик ва натижадорлик кўрсаткичларини реал вақт режимида кузатиш имконияти яратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 16 июндаги ПФ-6247-сон Фармонига асосан, давлат органлари ва ташкилотларида очиқликка оид қонун ҳужжатлари ижроси масофавий тарзда ўрганилиб, уларнинг натижалари бўйича вазирлик ва идораларга 7 та тақдимнома киритилиши таъминланди.
Агентлик ҳамда Конрад Аденауэр жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида жорий йилнинг 16-17 май кунлари Бухоро шаҳрида илк маротаба “Давлат идоралари фаолияти очиқлиги бўйича Марказий Осиё давлатлари форуми” ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги ПҚ-5177-сон Қарорига мувофиқ, бугунги кунда 87 та давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан банкларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолият олиб бормоқда.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Агентлик томонидан 20 та вазирлик ва идораларда ҳамда маҳаллий ҳокимликларда ички назорат тизими фаолиятининг йўлга қўйилганлик ҳолати жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Ўрганиш натижаларига кўра, улар фаолиятини такомиллаштириш бўйича услубий кўмак кўрсатилди, шунингдек, вазирлик ва идораларга ушбу йўналишдаги фаолиятни самарали ташкил этишга қаратилган 5 та тақдимнома киритилди, 1 та огоҳлантириш юборилди.
15 та давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари раҳбарлари очиқ танлов асосида ишга қабул қилиниши таъминланди.
Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 январдаги ПҚ-81-сон қарорига мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги рейтинг баҳолашдан ўтказилди. Унда 62 та давлат ташкилотининг коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳоланиб, 12 та ташкилот фаолият самарадорлиги “яхши” – (81-100 балл), 30 та ташкилот “қониқарли” – (55-80 балл) ва 20 та ташкилот “қониқарсиз” – (55 баллдан паст) тоифаларга ажратилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 майдаги ПҚ-240-сон қарорига асосан, 39 та вазирлик ва идораларнинг умумий 1701 та функцияларидаги коррупциявий хавф-хатарлар баҳолашдан ўтказилиб, коррупциявий хавф-хатарлар даражаси 177 та функцияларда “юқори”, 475 та функцияларда “ўрта”, 1049 та функцияларда “паст” дея баҳоланди.
2023 йилнинг апрель ойида Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгашининг навбатдаги йиғилиши ташкил этилиб, унда давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш натижалари кўриб чиқилди ва рейтинг баҳолаш натижаларига кўра “қониқарсиз” баҳоланган ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш белгиланди.
Бундан ташқари, Йиғилиш баёни билан Миллий кенгашнинг 2023 йил биринчи ярим йиллигига мўлжалланган Иш режаси,фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши курашишдаги ролини оширишга қаратилган Чора-тадбир режалари тасдиқланди.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларининг фаолиятини рейтинг баҳолаш методикасига асосан 14 та ҳудуднинг 2022 йилдаги фаолияти баҳоланди ва рейтинг баҳолаш натижалари Миллий кенгашга тақдим этилди.
Олий Мажлис Сенати ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамкорлигида Бухоро, Тошкент ва Хоразм вилоятлари ҳудудий кенгашларининг навбатдаги йиғилишлари ташкил этилиб, унда коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳудудий давлат органлари раҳбарларининг ахборотлари эшитилди.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро ҳамкорлик доирасида БМТ ТД, БМТ ГЖБ, Жаҳон банки, ЕХҲТ, Германия жамияти ваколатхонаси, “Минтақавий мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти ҳамда АҚШ, Франция, Словения, Финландия, Эстония, Малайзия, Қозоғистон каби бир қатор хорижий давлатларнинг коррупцияга қарши курашишга масъул идоралари билан доимий ҳамкорлик алоқалари янада ривожлантирилди. Жумладан, Агентлик ҳамда Франция Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида Меморандумини амалга ошириш бўйича Чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Агентлик ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ўртасида “Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашишга кўмаклашиш” лойиҳасининг иккинчи фазаси амалга оширилмоқда.
Халқаро ҳамкорлар билан биргаликда 10 га яқин йирик анжуманлар ташкил этилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати