Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан нодавлат олий таълим муассасалари ташкил этиш фаолиятини лицензиялаш билан боғлиқ коррупциявий хавф-хатарлар таҳлил қилинди.
Таҳлиллар давомида ушбу йўналишда масъул ташкилотлар томонидан белгиланган вазифалар самарали амалга оширилмаётгани, норматив-ҳуқуқий бўшлиқлар ва бошқа коррупциявий хавф-хатарларга мойил бўлган ҳолатлар мавжудлиги аниқланди.
Жумладан, 2022 йил ва 2023 йилнинг ўтган даври давомида фаолияти лицензияланган 65 та нодавлат олий таълим муассасаларидан 38 тасига лицензия беришда 82 та ҳолатда турли камчилик ва қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилган.
Хусусан, 22 та ҳолатда талабгорларга давлат ёнғин назорати ва санитария-эпидемиология хизмати органларининг тегишли хулосалари олинмаган ҳолда лицензия берилган.
Шунингдек, нодавлат таълим хизматларини кўрсатмоқчи бўлган талабгорлар томонидан қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқ электрон тизимга ўқув режа ва фан дастурлари тўлиқ юкланмаган ёки умуман юкланмаган бўлсада, уларга лицензиялар бериб келинган.
Таҳлил якунлари бўйича Агентлик томонидан нодавлат олий таълим муассасаларини ташкил этиш фаолиятини лицензиялаш соҳасида мавжуд коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати