Жорий йилнинг 20-21 сентябрь кунлари Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А.Бурханов бошчилигидаги Ишчи гуруҳ томонидан Андижон вилоятида ўтказилган ўрганишлар доирасида Андижон давлат тиббиёт институти фаолияти мисолида олий таълим, соғлиқни сақлаш тизимларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасининг амалга оширилиши ҳолати билан танишилди.
Мазкур жараёнда Институт раҳбарияти томонидан симуляция, IT-марказлари ва уларда талабаларнинг ишлаш жараёнлари, Институт клиникаси ва янги ўқув биносида амалга оширилаётган қурилиш ишлари ва уларнинг замон талабларига мос тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланаётганлиги ҳақида тақдимот қилинди.
Ўрганиш мобайнида Ишчи гуруҳ коррупциянинг олдини олиш ва унга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда бу каби чора-тадбирлар сифати ва салмоғини ошириш, жумладан, талаба-ёшлар ўртасида коррупция ва унинг оқибатларига қарши курашишни кучайтиришга қаратилган видеороликлар тайёрлаш юзасидан тавсиялар берилди.
Андижон шаҳар Давлат хизматлари марказида эса давлат хизматларини кўрсатишда коррупция, бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларни бартараф этиш имкониятларини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Таъкидланишича, Марказда мурожаатчиларга бир вақтнинг ўзида 300 дан ортиқ турдаги хизматларни шаффоф, қулай ва тезкор кўрсатиш имкони мавжуд. Бу ерда электрон навбат тизими, ахборот киоскаси, электрон хизматлардан мустақил фойдаланиш қулайликлари яратилган.
Шунингек, электрон навбат тизими билан интеграция қилинган махсус платформа мавжуд бўлиб, унинг ёрдамида мижозлар хизмат кўрсатиш жараёни ва хизмат кўрсатган ходимни баҳолаш имконига эга.
Ўрганиш мобайнида давлат хизматларини кўрсатишда инсон омилини минимиллаштириш, коррупцияга олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай хизматларни рақамлаштириш орқали коррупция ва бюрократия ҳолатларининг олдини олишга қаратилган ишларни изчил давом эттириш юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати