“III Тошкент Аксилкоррупция форуми” доирасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А.Бурханов ҳамда Тожикистон Республикаси Давлат молиявий назорати ва коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари С.Сулаймон Саид ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот аввалида Агентлик ва Тожикистон Республикаси Давлат молиявий назорати ва коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўртасидаги ҳамкорлик Меморандуми ҳар икки томон мутахассисларининг билим ва малакасини ошириш, айниқса, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ижобий самара бераётгани, бу борада тўпланган тажриба фаолиятни такомиллаштиришга хизмат қилаётгани алоҳида эътироф этилди.
Учрашувда ўзаро самарали ҳамкорликни изчил давом эттириш ва янги босқичга олиб чиқиш, амалга оширилаётган лойиҳалар кўламини янада кенгайтириш мақсадида Меморандум бўйича 2024-2025 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси имзоланди.
Унда ҳамкорликнинг турли йўналишлари қамраб олинган бўлиб, жумладан, коррупцияга қарши курашиш соҳасида оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида шаффофликни таъминлаш, коррупцион хавфларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича ўзаро тажриба алмашиш масалалари кўзда тутилган.
Мулоқот давомида шу ва бошқа вазифалар муҳокама қилиниб , уларнинг ижросини тўлиқ таъминлашга келишиб олинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати