Жорий йилнинг 3 ноябрь куни пойтахтимизда “III Тошкент Аксилкоррупция форуми” бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли Форум Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси, БМТ Тараққиёт дастури, Америка Қўшма Штатларининг Давлат департаменти Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш бюроси, Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти, “Минтақавий Мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда Жанубий Корея, Қатар, Малайзия, Эстония, Финляндия, Латвия, Гонконг ҳамда Марказий Осиё мамлакатларининг коррупцияга қарши курашишга масъул идоралари раҳбарлари ҳамда Жаҳон банки, БМТ Тараққиёт дастури, “Минтақавий Мулоқот” халқаро нодавлат ташкилоти, Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамиятининг етакчи экспертлари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар, вазирлик ҳамда идоралар, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Форумнинг асосий мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган чоралар ҳамда эришилган натижаларни маҳаллий ва хорижий ҳамкорлар, кенг жамоатчилик билан муҳокама ва сарҳисоб қилиш, маҳаллий ҳамда хорижий ҳамкорлар билан ўзаро тажриба алмашиш ва бу борада халқаро ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш, шунингдек, келгусидаги режалар, янги истиқболларни белгилаб олишдан иборат.
Форум ўз ишини ялпи мажлис билан бошлади. Унда халқаро ва хорижий амалиёт, илғор тажрибалар мисолида коррупцияга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чораларнинг моҳияти ва аҳамияти, шунингдек, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларига бағишланган тақдимотлар қилинди.
Форум доирасида Коррупцияга қарши курашиш бўйича Минтақавий платформанинг ишга тушириш маросими бўлиб ўтди. Мазкур платформа Марказий Осиё давлатлари томонидан БМТ Коррупцияга қарши Конвенцияси қоидаларини янада самарали амалга оширишга кўмаклашиш, бу борада минтақа мамлакатларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш мақсадида ташкил этилмоқда.
Платформа фаолияти коррупцияга қарши курашиш бўйича самарали профилактик чора-тадбирлар, хусусий секторда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, активларни қайтариш ва халқаро ҳамкорлик каби йўналишларни қамраб олади.
Шундан сўнг сессиялар доирасида ўзаро мулоқотлар давом эттирилди.
Хусусан, “Ахборотдан фойдаланиш коррупциянинг олдини олишнинг самарали усули сифатида” мавзусидаги дастлабки сессияда Эстония, Финляндиянинг коррупцияга қарши курашиш масъул идоралари раҳбарлари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, БМТ ТД раҳбарлари ва бошқа масъул ходимлари томонидан коррупцияга қарши курашиш борасидаги ислоҳотлардан жамоатчиликни хабардор этиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашнинг самарали механизмларини яратиш, очиқ маълумотлардан фойдаланиш, жамоатчилик назоратини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш сингари йўналишларда маълумотлар тақдим этилди.
Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон давлатларидан ташриф буюрган иштирокчилар ўз мамлакатларининг коррупцияга қарши курашишга масъул идоралари фаолияти мисолида “Коррупцияга қарши курашиш органлари томонидан давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш” мавзусидаги сессияда ўзаро фикр ва тажриба алмашишди. Мазкур сессияда, шунингдек. Жаҳон банки, Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти экспертлари иштирокида мавзуга оид муҳокамалар бўлиб ўтди.
“Коррупцияга қарши таълим ва тарбия коррупциянинг олдини олиш механизмлари сифатида” мавзусидаги сессияда Малайзия, Қатар, Гонконг, Европа Кенгаши вакиллари ўз маърузалари билан иштирок этди. Бундан ташқари, сессия давомида коррупцияга қарши курашишдаги таълимнинг ўрни, ушбу соҳада Ўзбекистондаги олиб борилаётган ишлар ва келгусидаги режалар хусусида сўз юритилди.
Иштирокчилар томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликнинг ўзига хос жиҳатлари, унинг истиқболлари, соҳанинг ҳуқуқий ва институционал асосларини такомиллаштириш, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш оид ислоҳотларни амалга оширишда кўмаклашиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Форум доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси, нодавлат нотижорат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасида жамоатчилик назорати шакллари мавзуларида интрактив сессиялар ҳам бўлиб ўтди.
Мулоқотлар якунида амалдаги коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш сиёсатини янада такомиллаштириш, айни йўналишдаги чора-тадбирлар натижадорлигини баҳолаш ва сифатини ошириш, халқаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича таклиф-тавсиялар тайёрланди.
Форум доирасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасига фаол ҳисса қўшиб келаётган бир қатор ташкилот ва шахслар муносиб тақдирланди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати