“III Тошкент Аксилкоррупция форуми” доирасида "Нодавлат нотижорат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасида жамоатчилик назорати шакллари" ҳамда “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси: турли давлатлар тажрибалари”мавзуларида интерактив сессиялар бўлиб ўтди.
Хусусан, "Нодавлат нотижорат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасида жамоатчилик назорати шакллари" мавзусидаги сессияда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, Агентлик ҳузуридаги жамоатчилик кенгаши ва Экспертлар гуруҳи аъзолари ҳамда АҚШ ва қозоғистонлик халқаро экспертлар иштирок этди.
Интерактив сессия давомида ННТларнинг коррупцияга қарши курашишдаги ўрни ва роли муҳокамалар марказида бўлди.
Халқаро ва маҳаллий ННТлар ушбу йўналишда амалга оширган ишлари, эришган натижалари, юзага келган муаммолар борасида ўзаро фикр алмашишди.
Хусусан, Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази, Қозоғистон Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот маркази, "Юксалиш" УМҲ, Агентлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси, Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази, “Истиқболли авлод” маркази вакилларининг фикрлари тингланди.
Сессия доирасида ННТларнинг ушбу жараёнга янада фаол жалб этиш юзасидан ҳам муҳокамалар бўлиб ўтди ва иштирокчиларнинг таклифлари тингланди.
“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси: турли давлатлар тажрибалари” мавзусидаги интерактив сессия БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича бошқармаси экспертлари, Қозоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, шунингдек, маҳаллий давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат тузилмаларининг ходимлари иштирокида ўтди.
Унда БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича бошқармасининг минтақавий ваколатхонаси экспертлари томонидан Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган шахс давлат фуқаролик хизматига қабул қилингандан сўнг тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туриш тартиби, мол-мулкларини (активларини, акция ва облигацияларини) ишончли бошқарувга топшириш масалалари хорижий давлатларнинг тажрибаси асосида тушунтириб берилди.
Бунда давлат хизматида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш механизмлари, амалиётда фаолиятни “тадбиркорлик” деб топиш бўйича юзага келадиган муаммолар ва уларни ҳал қилиш масалалари мисоллар ёрдамида очиб берилди.
Қозоғистон Республикаси Адлия вазирлиги вакили норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг экспертизасини ўтказиш бўйича Қозоғистон тажрибаси, дуч келинган муаммолар, жумладан, қонун ижодкорлигида йўл қўйилган ҳуқуқий бўшлиқлар оқибатлари ва уларни тартибга солишга қаратилган амалиёт билан иштирокчиларни таништирди.
Мулоқотлар мобайнида норма ижодкорлиги фаолиятининг сифатини ошириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларини тайёрлашдаги муаммо ва камчиликлар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакиллари томонидан “Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган шахс давлат фуқаролик хизматига қабул қилингандан сўнг тадбиркорлик фаолиятини тўхтатиб туриш тартиби” норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасига бағишланган тақдимот ўтказилиб, лойиҳадаги камчиликлар, хусусан, коррупциявий омиллар муҳокама қилинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати